Цзиньпин Путинга Украина масаласидаги позициясини айтди
Олам
−
15 Июнь 2022
23672Украинадаги вазият юзасидан Хитой ўзининг конструктив ролини ўйнашда давом этади. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Си Цзиньпин бугун, 15 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин билан бўлган телефон орқали мулоқотида маълум қилди, дея хабар берди Хитой марказий телевидениеси.
“Хитой раҳбари мулоқот чоғида Украина инқирозини ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди”, дейилади хабарда.
ХХР раисининг сўзларига кўра, ҳар бир манфаатдор томон Украинадаги инқирозни тўғри ҳал қилишга ҳисса қўшиб, масъулиятли позицияни эгаллаши керак.
“Хитой ўзининг конструктив ролини ўйнашда давом этишга тайёр”, деган у.
Си Цзиньпиннинг аниқлик киритишича, Пекин фактлар ва тарихий воқеликни ҳисобга олган ҳолда Украина масаласида мустақил позицияни эгаллайди.
“Биз глобал миқёсда тинчликни, барқарор иқтисодий тартибни сақлашга ҳисса қўшамиз”, дейди у.
Кремль Матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғида 2022 йилда ҳажми рекорд даражага етиши кутилаётган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари атрофлича кўриб чиқилган.
“Ғарбнинг ноқонуний санкциялар сиёсати туфайли жаҳон иқтисодиётидаги мураккаблашган вазиятни ҳисобга олган ҳолда энергетика, молия, саноат, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди”, дея таъкидлаган Кремль.
Россия томонининг қайд этишича, давлат раҳбарлари ҳарбий ҳамда ҳарбий-техникавий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталган. Шунингдек, улар жаҳон миқёсида ҳар икки мамлакат умумий ёки жуда яқин позициялардан туриб ҳаракат қилишини таъкидлаган.
“Жаҳон миқёсидаги вазият муҳокама қилинар экан, Россия ва Хитой аввалгидек умумий ёки жуда яқин позициядан туриб, халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларини изчиллик билан қўллаб-қувватлаётгани ҳамда ҳақиқатда кўп қутбли ва адолатли давлат тизимини барпо этишга интилаётгани алоҳида таъкидланди”, дейилган хабарда.
Бундан ташқари, Кремлнинг қўшимча қилишича, етакчилар турли кўп томонлама форматларда, жумладан, БМТ платформасида ҳам мувофиқлаштириш ва ўзаро ёрдамни кучайтиришга ўзаро тайёрлигини тасдиқлаган.
Кремлга кўра, Владимир Путин Украинадаги вазият ва махсус ҳарбий операция давомида ҳал этилаётган вазифаларга фундаментал баҳо берган. Хитой раҳбари Россиянинг ўз хавфсизлигига таҳдидлар туфайли асосий миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатлари қонунийлигини таъкидлаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь