Тепада Худо турибди – олтинсойлик отахон Тўра Боболовга жанжал қандай чиққанини айтиб берди
Жамият
−
17 Февраль 2020
25186Сурхондарёнинг Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ ходимлари орасида можаро содир бўлгани, мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура расмий баёнот бергани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони билан 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга “амнистия” эълон қилинди. Шу даврда 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилди.
Қайд этилишича, “Халқобод” маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар эса “амнистия” муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишган.
“Конституциямизда белгиланганидек, ер умуммиллий бойлигимиздир. Юртимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20,2 млн гектар ернинг атиги 20,7 фоизи суғориладиган ерлар ҳисобланади. Сўнгги 15 йилда аҳоли жон бошига суғориладиган ерлар 24 фоизга (0,23 га дан 0,16 гача) камайган. Бунда айрим шахслар томонидан қонунларни очиқчасига бузган ҳолда ерларни эгаллаб олиш ҳолатларининг ҳам таьсири бор, албатта.
Мамлакат аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (жами аҳолининг 49,4 фоизи) қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу каби ноқонуний ҳаракатларнинг ҳозир олди олинмаса, қишлоқ аҳолиси бандлигини, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таьминлашдек стратегик ўта муҳим масалаларда муаммолар юзага келиши табиий ҳолдир.
Шу нуқтаи назардан Олтинсой туманининг “Халқобод” маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган "Оқ-олтин манзараси" фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектари қайтарилиб, яшаш имконияти мавжуд бўлмаган 235,35 квадрат метр майдонида қуриб олинган уй-жой бинолари албатта бузилади. Аммо бу уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган заҳира майдонлардан ер ажратилиб, уй-жой қуриб олишларига амалий жиҳатдан кўмаклашилгандан кейин амалга оширилади. Ушбу ҳудудга борган комиссия аьзолари ҳам ўзбошимчалик билар қурилган уйларни буздириш учун эмас, асл ҳолатни ўрганиш учун борган”, дейилади ҳокимлик баёнотида.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасида росманака кураш бўлганидан кейин “Халқобод” маҳалласи фуқаролари вакиллари билан учрашган. Учрашувда фуқаролар вилоят ҳокимига бўлган воқеани айтиб, ҳолатга ойдинлик киритишга ҳаракат қилган.
“Аввал булар келишди… Ўзимизнинг “участковой”лар, ҳурматли прокуроримиз билан 4-5 киши бўлиб келишди. Шунақа-шунақа, бу ҳокимнинг нимаси (буйруғи – таҳр.) дейишди. Булар эса ҳокимнинг ўзлари келсинлар, ўзимиз гаплашиб, муросага келамиз деди. Ярим соат ўтганидан кейин булар “Бўлди, ҳокимни олдига борамиз. Улар ҳозир селекторда эди, чиқиши билан келади”, дейишди. Орадан 40 дақиқа ўтмасдан булар панадан 30 та машинада кела бошлади. Тепамда Худо турибди, 40-50 та милиция бўлса, қолган яна 40 га яқин формада бўлмаган одамлар... Ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ кела бошлади. Милициялар боламасидан, ўшалар бирданига ёпишиб кетди. 8, 9-синфда ўқийдиган мактаб болалари судраб, қўлларини қайириб олиб кета бошлашди. Шундан кейин булар уларнинг орқасидан чопишди. Мен 75 фоиз буларни (ИИБ ходимлари – таҳр.) айбдор деяпман”, деган қишлоқдаги оқсоқоллардан бири.
Таъкидлан жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировнинг айни ҳолатга билдирган муносабати UzNet`ни "портлатди".
LiveБарчаси