Прокуратура Олтинсойдаги ИИ ходимлари ва аҳоли ўртасидаги жанжалга изоҳ берди
Жамият
−
16 Февраль 2020
19222Сурхондарёнинг Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ ходимлари орасида можаро содир бўлгани, икки ходим жароҳат олгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси баёнот берди.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг 2019 йил 4 декабрь кунидаги 11/8-19-сонли топшириғининг ижросини таъминлаш мақсадида Олтинсой туман ҳокимининг 2019 йил 6 декабрь куни Ф-185-сонли Фармойиши ишлаб чиқилган.
Мазкур фармон ва топшириқлар ижроси юзасидан олиб борилган мониторинг жараёнида туманнинг 1-секторига тегишли бўлган “Халқобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Оқ-олтин манзараси” номли фермер хўжалигига қарашли қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувли ер майдонининг 496-дала контуридаги пахта ва ғаллага мўлжалланган ер майдонидан шу махаллада яшовчи фуқаролар Мухаммадиев Ботир 0.05 гектар, Мухаммадиев Далер 0.05 гектар, Нуров Фозил 0.05 гектар, Мухаммадиев Собир 0.05 гектар, Саттарова Меҳринсо 0.07 гектар ва Сафаров Ашур 0.12 гектар жами 0.39 гектар ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ер майдонини эгаллаб олиб, фуқаро Мухаммадиев Ботир томонидан 57.35 кв м, Мухаммадиев Далер 37.0 кв м, Нуров Фозил 40.0 кв м, Мухаммадиев Собир 34.0 кв м, Саттарова Меҳринсо 35.0 кв м ва Сафаров Ашур 32.0 кв м майдонга 2019 йилда “Блок-ғишт”дан сунъий равишда яшаш имконияти мавжуд бўлмаган уй-жойларини қуриб олган.
Ушбу ҳолат бўйича 2020 йил 8 февраль куни Олтинсой туман ҳокимининг 2019 йил 6 декабрь куни Ф-185-сонли Фармойишига асосан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари: туман ҳокими А.Т.Джумаев, туман прокурори Т.Б.Бердимуротов, туман ИИБ бошлиғи А.З.Мирзаев, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи Ж.Бобомуродов ва бошқалар томонидан “Оқ-олтин манзараси” фермер хўжалигининг 496-дала контурига бориб, ушбу ҳудудда ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилиш қилган шахсларга қурилган уйлари ноқонуний қурилганлигини ушбу ер майдони фермер хўжалиги тасарруфида эканлиги маълум қилиб, фуқароларнинг ўз ҳисобларидан уйларини бузиб олишларини ва уларга бошқа манзилдан уй қуришлари учун ер беришлигини тушунтириб ўтилган.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ томонидан ноқонуний равишда қурилиш қилиб олган фуқароларнинг илтимосига асосан уларга ўзлари ҳисобидан бузиб олишлари учун 2 кун муддат берилган.
2020 йил 14 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари: туман прокурори Т.Б.Бердимуротов, туман ИИБ бошлиғи А.З.Мирзаев, туман ҳокими ўринбосарлари Б.Худойқулов, М.Очилдиев ва бошқалар юқорида кўрсатилган манзилга бориб кўрилганида, фуқаролар Мухаммадиев Ботир, Мухаммадиев Далер ва Нуров Фозиллар ўзбошимчалик билан қурилган уйга яшаш имконияти мавжуд бўлмаган бўлсада, кўчиб кириб олганлиги аниқланган.
Ишчи гуруҳ томонидан ноқонуий қурилган уй-жойларни бузиб олишлари тушунтирилганида, аввалдан тўпланиб турган фуқаролар Мухаммадиев Ботир, Мухаммадиев Далер, Нуров Фозил, Саттарова Меҳринисо, Мухаммадиев Собир, Сафаров Ашурлар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳокимият вакили ва ИИБ ходимларига ноқонуний қурилган уйларни бузмасликлари учун, улар қўлларида бўлган бензин, таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан қаршилик кўрсатишган.
Ноқонуний қурилган уйларни бузишни имконияти бўлмаганлиги сабабли ишчи гуруҳ аъзолари ортларига қайтиб кетишган.
Шу куни соат 15:00 лар чамасида туман прокурори Т.Бердимуротов, туман ҳокимини ўринбосарлари М.Очилдиев ва Б.Худойқуловлар ҳамда туман ИИБ бошлиғи А.З.Мирзаев ва бошқа ишчи гуруҳ томонидан юқоридаги манзилга борилганда юқоридаги фуқаролар ва уларнинг қариндошлари қўлларида бензин, таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан қуролланган ҳолда ишчи гуруҳ олдига чиқишган. Ушбу ҳолатда жамоат тинчлигини сақлаш ва вужудга келиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида туман ИИБ ходимлари жалб қилинган. Ҳокимият вакиллари ва туман ИИБ ходимлари томонидан тушунтирилишига қарамасдан фуқаролар ҳокимият ИИБ ходимларига қўлларидаги нарсалар билан ташланиб кетишган. Ноқонуний равишда қурилган уй-жойлар ишчи гуруҳ томонидан бузилмаган.
Ушбу жараёнида туман ИИБ ЖТСГ канвой хизмати гуруҳи сафдор-ходими сафдор Шайхзод Шералиевич Мустафоқулов, туман ИИБ ҲПБ ИИО таянч пунктлари профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси Абдимумин Усарович Жабборов ҳамда фуқаро Илхом Рахматович Мухаммадиев тан жарохати олган.
Олтинсой туман СТЭ нинг 15.02.2020 йилдаги хулосасига кўра, Шайхзод Шералиевич Мустафоқулов 6 кундан кўп 21 кундан кам бўлмаган вақтда меҳнат қобилятини йўқотиш мезонига кўра, соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати олганлиги кўрсатилган.
Олтинсой туман СТЭ нинг 15.02.2020 йилдаги хулосасига кўра, Абдимумин Усарович Жабборов соғлиғини бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати олганлиги аниқланган.
Фуқаро Илхом Рахматович Мухаммадиев Термиз шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида даволанаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади баёнотда.
LiveБарчаси