Сиз депутат бўлинг, мен чўпонликка кетаман – Қодировнинг гапларидан интернет “портлади”

Жамият

image

Сурхондарёнинг Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ ходимлари орасида можаро содир бўлгани, мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура расмий баёнот бергани ҳақида хабар берган эдик. 

14 февраль куни содир бўлган ва бутун жамоатчиликнинг эътиборини тортган мазкур масалага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам муносабат билдирди. Қодировнинг кутилган ва кутилмаган баёноти айни вақтда ижтимоий тармоқларни жумбушга келтириб, эътирозларга сабаб бўлмоқда. Қодиров сўзи аввалида Олтинсойдаги ҳолат фуқаролар томонидан амалга оширилган жиноят эканини урғулайди: 

“Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари қонунларимизга ҳам, қадриятларимизга ҳам зид бўлган жиноят сифатида баҳоланиши керак. Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатлари устуворлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш, турмуш шароитларини ўзгартириш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар асло мамлакатимизда қонун устуворлигини таьминлашга тўсқинлик қилмайди. Зеро қонун устувор бўлган давлатлардагина ҳалққа самарали хизмат қилиш мумкин”. 

Қодиров мазкур ҳолатни изоҳларкан, “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ушбу жиноят очиқ тергов қилиниши ва айбдорларга кескин жазо белгиланиши керак”, дейди.

Айни вақтда Алишер Қодиров ижтимоий тармоқ “қаҳрамон”ига айланган. Фойдаланувчилардан бири Қодировнинг изоҳига нисбатан “Сиздан нима кутиш мумкин? Халқни айблаш осон. Ҳақиқий депутат сайланмагунча шу аҳвол”, деб фикр билдиради. Қодиров ушбу мулоҳазани жавобсиз қолдирмай, шундай жавоб беради: 

“Халқни айблаш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Халқ айблайди. Қози ҳам, амалдор ҳам халқ номидан иш қилади. Давлат хизматчисига куч ишлатиш мумкинмас. Халқ шундай қонунни маъқуллаган. Мен сизни умидвор қилмаганман, мендан ҳеч нарса кутманг. Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли. Фикрингиздан жуда ҳам таъсирланганим йўқ”. 

Яна бир фойдаланувчи Қодировга қарши халқни айбдор қилиш энг осон йўл эканини айтади. Бунга жавоб жаноб депутат: 

“Оддий халқ милицияни урмайди. Урган дақиқадан бошлаб, у оддий халқ бўлмайди! Айблаш прокурорнинг ваколатидаги масала. Мен жамоат тартибини бузганларга кескинроқ чора белгилаш тарафдориман!”, деб жавоб қайтаради. 

Фойдаланувчилардан бири, ёшлар вакили депутатдан ёшларнинг умиди ва ишончини сўндирмасликни сўрайди. Қодиров бу масалага қуйидагича ёндашади: 

“Халқ номидан тўртта бебошнинг давлатга тош отишига “тўхта” демасак,  эртага нима бўлади. Ҳуқуқий маданиятни ўзгартирамиз: ноқонуний қурилиш – амнистия, зўравонлик – кўз юм, товламачига ўз қўли билан пул берган – давлат ҳисобидан қайтариб бер, ноқонуний ер ўзлаштириб ол – ҳоким айбдор... Биз қачон халқ бўламиз ўзи?!  Қачон давлат бўламиз, бу кетишда?!”

Фойдаланувчилардан бири Қодировга бундан депутат бўлгандан, далада чўпонлик қилган фойдали эканини уйтиришга уринади. Қодиров эса бунга қуйидагича муносабат билдиради: 

“Чўпон бўлишнинг яхшироқ эканлиги Пайғамбаримиз (с.а.в.) томонидан айтиб ўтилган. Сиз депутат бўлинг, мен чўпонликка кетаман”.

Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни содир бўлган воқеа натижасида ИИБ ходими сафдор Ш.Мустофоқуловга “Бош миянинг ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона ўнг қош усти, ўнг ён томони эзилган, йиртилган жарохатлари, ўнг кўз қавоғи юмшоқ тўқималарнинг эзилиши ва гематомаси, бурнининг ўнг томони юз соҳасидаги йиртилган жароҳат”, шунингдек профилактика инспектори ёрдамчиси А.Жабборовга “Чап елка ўмров акрамиял бўғими соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” каби тан жароҳатлари етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Олтинсойдаги можаро

Баҳолаганлар

1115

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг