“Миллий таҳдид эмасми?” Алишер Қодиров бошқа тилда бошланғич таълим олишни чеклашни таклиф қилди (видео)

Ўзбекистон

−

image

Ўзбек ота-оналарнинг фарзандлари учун бошқа таълим тилини танлаш ҳуқуқини чеклаш зарур. Бундай таклифни “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров кеча, 17 ноябрь куни бўлиб ўтган партия фракцияси йиғилишида билдирди.

Унинг айтишича, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасини қайта кўриб чиқиш зарур. Ҳозирги тартиб ота-оналарга фарзандлари учун мактабгача таълим ва тарбия шакллари ҳамда таълим олиш тилини эркин танлаш имконини беради. Шунингдек, давлат таълим стандартларида болаларнинг бошланғич таълим ва тарбияни давлат тилида олишини мажбурий этиб белгилаш керак.

“Мактабгача таълим тўғрисидаги қонун – 38-модда. Ота-оналар [тилни] эркин танлаш ҳуқуқига эга. Ким эркин танлаяпти, нимани танлаяпти? Бошқа тилни танлаяпти. Давлат сиёсати нима бўлади? Миллий қадриятларимиз, ватанимизни яхши кўрадиган, ватанпарвар авлод етиштириш ҳақида гапиряпмизми?” дея савол қўйган Қодиров.

Бундан ташқари, унинг айтишича, олий таълимда тил танлаш эркинлиги сақланиши мумкин, бироқ бошланғич таълимда бундай ҳуқуқ чекланиши керак.

“Олий таълимда майли, хоҳлаган тилида ўқийверсин. Лекин бошланғич таълимда танлаш ҳуқуқини бермаслик керак. Бошқа миллатли ватандошимиз бўлса, марҳамат, унинг миллий тили, у танлашга ҳуқуқи бор. Лекин ота-онаси ўзбек бўлган одамга бошқа тилни танлаш ҳуқуқини бермаслик зарур”, дейди у.

Депутатнинг айтишича, бу масалага миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан қараш керак.

“Унга [тилга] миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан қараш керак. Таълим-тарбия сиёсатимизни рўёбга чиқиши нуқтаи назаридан қараш лозим. Тилни бой бергандан кейин сертификатимиз ҳам бир тийин. Ҳар қанақа методологиямиз ҳам бир тийин. Тилдан бой берган боламизни биз ҳеч қачон ўзимизники қилолмаймиз. Бу миллий таҳдид эмасми?” дея савол қўйган депутат.

Унинг айтишича, тил йўқотилгандан кейин маданият ҳам йўқотилади.

“Тил йўқотгандан кейин маданият йўқотилади, билиб қўйинглар. Унга кейин ватанпарварликни хоҳлаганингизча ўқитинг, фойдаси йўқ. Ватанпарварлик сингдирилмайди. Ватанпарварлик онасининг сути билан бошланади, таълим-тарбия тизими билан маҳкамланади”, дейди Алишер Қодиров.

Маълумот учун, “Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддаси бандларидан бирида болаларнинг қонуний вакиллари ўз фарзанди учун мактабгача таълим ва тарбия шаклларини ҳамда таълим олиш тилини танлаши мумкинлиги белгиланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг