Нега совет меросига қилинаётган меҳрибончилик миллий меросимизга қилинмаяпти? – Алишер Қодиров

Жамият

image

Аввалроқ, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров жорий йилнинг 15 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Бобур кўчаси, 7-уйдаги бинонинг маданий мерос объекти сифатида муҳофаза қилинишига қарши чиққанди. Кеча, 16 сентябрь куни эса Маданий мерос агентлиги Қодировнинг фикрларига расмий муносабат билдирди. Шундан сўнг депутат ўзининг Telegram-каналида агентликнинг унинг танқидларига билдирган муносабатига жавобан яна бир қатор саволлар билан чиқди. 

Қодировнинг айтишича, Маданий мерос агентлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бюджет ҳисоботи вақтида депутатларнинг саволларига жавоб бериш ўрнига расмий муносабат билдирган.

“Партия жавоб муносабати қилмайди, албатта, лекин саволларимизга жавоб олиш учун парламент сўрови ёки эшитуви ваколатимиздан фойдаланишга ҳаракат қилиб кўрамиз”, дея ёзган депутат.

У агентликнинг Сармишсой, Шоҳизинда ва Миздаҳқон қалъаси бўйича илгари билдирган танқид ва таклифларни эътиборсиз қолдираётганини айтиб, Бобур кўчасидаги бино масаласида эса рассомнинг миллатидан мероснинг миллатини ясаб, мавзуни миллатлараро тарангликка боғлашга уриниш кузатилаётганини қайд этган.

Қодиров агентликка бир қатор саволларни яна такрор йўллаган. Жумладан, у Сармишсой каби ноёб мерос объектига миллиардлаб маблағ сарфланган бўлса-да, гектарлаб очиқ музей ҳудуди қаровсиз ва ташландиқ ҳолатда қолаётганига изоҳ сўраган.

Шунингдек, Шоҳизиндага автомобиль йўлининг жиддий зарар етказаётгани, уни таъмирлаш учун маблағ йўқлиги ва бу масалада ҳокимиятга нисбатан суд жараёни олиб борилмаётганини савол остига қўйган.

Депутат Бухорода энг қадимий Қуръон нусхасининг Аркдаги талабга жавоб бермайдиган омборда сақланаётгани, шунингдек, Довон давлати билан боғлиқ ноёб мерос жойлашган ҳудудларнинг деҳқончилик учун бериб юборилгани юзасидан ҳам саволлар берган.

“Нега агентлик совет давридаги меросга қилаётган меҳрибончилигини минг йиллик миллий маданиятимиз ва меросимизга нисбатан қилмаяпти? Ўнлаб саволлар бор, ўтган йилдан бери жавоб олишга ҳаракат қиляпмиз”, дея ёзган Қодиров.

У ўз эътирози муайян шахснинг миллатига эмас, балки маданий мерос объектларига эътибор ва маблағларнинг қандай тақсимланаётганига тааллуқли эканини билдирган.

“Биз ўрнини тўлдириб бўлмайдиган маданий меросимиз бир чеккада қолиб кетиб, бир рус рассоми, ўзбек адабиётшуноси, украин архитектори ёки бирон бошқа қадрли эканлигига шубҳамиз бўлмаган ватандошимизни, ким бўлишидан қатъи назар квартирасини асрашга кўпроқ эътибор қаратилаётганига эътироз билдиряпмиз”, деган “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси.

Қодиров, шунингдек, Маданий мерос агентлигининг парламентдаги ҳисобот бериш тартибига ҳам савол билан мурожаат қилган.

“Мутахассис эмасмиз, балки хато ўйлаётгандирмиз? Нега парламентда ҳисобот бериш учун ҳукумат келади-ю, агентлик жўяли жавоблар беролмасдан тармоқлардан туриб муносабат билдиради?”, деган депутат.

У мазкур масала бўйича парламентдаги ваколатларидан фойдаланишини айтган.

“Бу депутат сифатида менинг фикрим, партия раиси сифатида агентлик ҳисоботидан кейин парламентда сўз оламан”, дея ёзган Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Бобур кўчаси, 7-уйдаги бино 2020 йилда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган ва ҳозирда давлат муҳофазасида турибди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг