Қодиров болалар қотилларига қатъий ўлим жазоси берилишини сўради
Жамият
−
11:08 483 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров болаларга нисбатан жиноят учун жазони кучайтириш бўйича қонун лойиҳасига муносабат билдирди. У қасддан одам ўлдирган, айниқса, болага қасд қилган шахслар ўлим жазосига ҳукм қилиниши кераклигини айтди. Бу ҳақда Қодиров ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Қодиров халқаро ҳуқуқнинг жиноят содир этган шахсларга нисбатан ёндашувини танқид қилган.
“Биз кимлардан ўрнак оляпмиз?!” дея савол қўйган Қодиров.
Унинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуқ бундай жиноят содир этган шахсни ҳам инсон сифатида кўради ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Депутат Норвегияда 77 кишини ўлдирган ва умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган Андерс Брейвикни мисол келтирган. Унинг ёзишича, Брейвик қамоқхонада китоб ёзиш учун шароит йўқлигидан шикоят қилган ва унга бундай шароит яратилган.
“Бизнинг педофил ҳам шароит сўраса, яратиб беришга мажбур бўламиз, чунки биз эргашаётган халқаро ҳуқуқ уни инсон сифатида кўради, ўлик сифатида эмас!” деб ёзган Қодиров.
“Миллий тикланиш” демократик партияси раисининг фикрича, қасддан одам ўлдирган, айниқса, болага қасд қилган шахсларга нисбатан ўлим жазоси қўлланиши керак. У бундай жазо эҳтимолий қотилликларнинг олдини олиш ва бундай жиноятга мойил шахсларга ибрат бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Қасддан одам ўлдирган, айниқса болага қасд қилганлар келгусида эҳтимолий бундай қотилликларни олдини олиш, мойилларга ибрат бўлиши учун ўлимга ҳукм қилиниши керак”, деган у.
Аввалроқ ҳам Алишер Қодиров айрим оғир жиноятлар, хусусан, болаларга қарши жиноятлар учун ўлим жазосини жорий этиш зарурлиги ҳақида фикр билдирган эди.
Намангандаги боғчада фожиа
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди.
Live
БарчасиStarship космик кемаси илк бор орбитага йўл олди
28 Сентябрь