5 яшар қизнинг зўрланиши: Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланди
Crime
−
09:36 2342 2 minutes
Аввалроқ, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида 5 яшар қиз омбор мудири томонидан зўрлангани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилган.
Билдирилишича, воқеага алоқадор ҳамда ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган тизимдаги барча ходимлар ва мансабдор шахсларга нисбатан тегишли ташкилотлар ваколати доирасида зарур чоралар кўрилиши, айбдорлар жазоланиши таъминланади. Таълим ташкилотининг воқеага дахлдор, деб гумон қилинган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шунингдек, бу каби салбий ҳолатлар бошқа боғчаларда ҳам такрорланмаслиги учун вазирликнинг махсус Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳозирда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда ва барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.