Жиззахда эркак вояга етмаган қизини зўрлаб келгани маълум бўлди
3-саҳифа
−
6978 2 дақиқа
Жиззах вилоятининг Зомин туманида вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумонланган эркакка қидирув эълон қилинди. У жиноят иши қўзғатилишидан бир ой олдин Россияга ишлаш учун кетган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Унинг билдиришича, 1984 йилда туғилган эркакка нисбатан жорий йилнинг 14 октябрь куни Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи 2026 йилнинг 11 сентябрь куни ишлаш мақсадида Россия Федерациясига кетган.
Унга нисбатан қидирув эълон қилинган. 19 октябрь куни суд ажрими билан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам муносабат билдирди.
Агентлик маълумотига кўра, 2026 йилнинг 9 октябрь куни ички ишлар органлари ходимлари таълим муассасаларида ўтказган профилактик тадбирлар давомида 2010 йилда туғилган қиз сабабсиз дарсларга қатнашмаётгани аниқланган. Ҳолат мактаб психологи билан биргаликда ўрганилганда, қизчанинг руҳий ҳолати барқарор эмаслиги маълум бўлган. У билан суҳбат давомида отаси томонидан жинсий зўравонлик содир этилганини айтган.
Бу ҳақда туман ИИБга хабар берилган ва ҳолат прокуратура органларига юборилган. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ҳам ўрганилган ҳолат юзасидан қиз дастлаб кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказига жойлаштирилган. Унга психологик ва ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, тиббий кўрик ҳамда экспертизага йўналтирилган.
Билдирилишича, ҳозирда қиз оилавий болалар уйига жойлаштирилган. Унинг хавфсизлиги таъминланган ва руҳий-эмоционал ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
“Шунингдек, боланинг оилавий шароити ўрганилмоқда. Уни оилага қайтариш масаласи боланинг хавфсизлиги, руҳий ҳолати ва энг устун манфаатлари ҳар томонлама баҳолангандан сўнг кўриб чиқилади”, дейилади агентлик муносабатида.
Мазкур ҳолат агентлик масъул ходимлари назоратига олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 2 нафар вояга етмаган қизини зўрлаганликда гумонланаётган эркак қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси