Жиззахдаги АЭС қурилишида 2,2 млрд долларлик қурилиш материаллари ишлатилади
−
16:00 184 2 minutes
Жиззах вилоятидаги атом электр станцияси қурилишида 2 миллиард 200 миллион долларлик қурилиш материаллари ишлатилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда бугун, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан учрашувда сўз борди.
Йирик стратегик лойиҳаларни маҳаллий қурилиш материаллари билан таъминлаш бўйича янги вазифалар белгиланган.
Жиззах вилоятидаги атом электр станцияси қурилишида 2 миллиард 200 миллион долларлик қурилиш материаллари ишлатилиши кўзда тутилган. Шу боис, Эгизбулоқ маҳалласидаги 200 гектар майдонда алоҳида солиқ ва божхона режимига эга махсус саноат зонаси ташкил этилади.
Бу ерда станция қурилиши учун зарур 70 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи ва мегалойиҳаларда қўлланиладиган маҳсулотлар бўйича талабни таҳлил қилиб, 20 миллиард долларлик лойиҳаларнинг тармоқ жадвалини тасдиқлаш топширилган.
Келаси йилдан юқори қўшилган қийматли янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун икки йиллик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада 200 миллион доллар ресурс ажратилади.
Корхоналарда энергия тежовчи ускуналар харид қилиш харажатларининг 10 фоизини, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмаган қисмини қоплаб бериш механизми ҳам жорий қилинади.
Пардозбоп тошлар саноатида хомашёдан тўлиқ фойдаланиш ва чиқиндиларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатдаги 155 та корхона йилига 1 миллион тонна хомашё қазиб олаётган бўлса-да, унинг 35-40 фоизгача қисми ишлаб чиқариш чиқиндиси сифатида қолмоқда. Айниқса, Нурота, Ғозғон ва Қўшработдаги конлар атрофида гранит ва мармар қолдиқлари тўпланган.
Президент ривожланган давлатлар тажрибаси асосида “ноль чиқинди” тамойилини кенг жорий этиш зарурлигини қайд этган. Бундай хомашёдан композит пол қопламалари, сунъий тош плиталар ва мармар кукуни каби маҳсулотлар тайёрлаш мумкин.
Мутасаддиларга бир ойда тадбиркорларни жалб этиб, пардозбоп тош конлари атрофида камида 100 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилган.
Бундан буён янги пардозбоп тош конлари “ноль чиқинди” тамойили асосида ишлаш шарти билан аукционга қўйилади.
Live
All