Наманганда боғчадаги зўравонликдан сўнг Болалар омбудсмани вазирликка тақдимнома киритди
Crime
−
18:10 2069 2 minutes
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 ёшли тарбияланувчини зўрлагани ва қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритди. Бу ҳақда Болалар омбудсманининг Telegram-каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, тақдимнома жорий йилнинг 22 сентябрь куни Болалар омбудманининг ваколатлари доирасида киритилган.
Унда мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан ўтказилаётган хизмат текшируви натижаларини танқидий кўриб чиқиш, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли чоралар кўриш ҳамда масъул ходимларнинг белгиланган тартибда жавобгарлиги масаласини таъминлаш сўралган.
Шунингдек, ҳодисанинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш талаб этилган.
Жумладан, республикадаги барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини қатъий таъминлаш чораларини кучайтириш, таълим ташкилотлари ходимларининг ўз касбий вазифаларини бажариши устидан масъуллар томонидан манзилли текширувлар ташкил этиш зарурлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ички назорат механизмларини қайта кўриб чиқиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш сўралган.
Қонунчиликка мувофиқ, вазирлик тақдимнома ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар натижаси ҳақида 15 кунлик муддатда Болалар омбудсманига барча ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда маълумот бериши керак бўлади.
“Болалар омбудсмани давлат органлари фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда давом этади”, дейилади тақдимномада.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганганди.
Live
All