Столтенберг Украина осмони ёпилмаётгани сабабларини тушунтирди
Олам
−
11 Март 2022
10512Украина осмонини ёпиш учун минтақага ҳарбий кучларни жойлаштириш зарур. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг “Anadolu”га берган интервьюсида таъкидлаган.
“Савол осмоннинг ёпилиши ҳақидаги битта баёнот билан чекланмайди. Бунинг учун минтақага ҳарбий кучларни жойлаштириш зарур. Бу НАТОнинг Украинадаги Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига зарба беришини англатади. Қолаверса, бу масала фақат Украина билан чекланиб қолмайди. Зарба Беларусь ва Россия ҳудудига ҳам етказилади. Яъни, Россия Федерацияси ва НАТО ўртасида тўғридан-тўғри қарама-қаршилик, яъни кенг кўламли уруш бўлади. Вайронагарчилик ва қурбонлар кўлами бугунги Украинада кўраётганимиздан бир неча баробар кўп бўлади”, деган у.
Столтенберг Россиянинг ҳаракатларини қоралаган ва уларни “адолатсиз ва асоссиз” деб атаган.
“Россия Европада Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери кўрилмаган шафқатсизликни намойиш этмоқда. Биз Президент Владимир Путинни урушни тўхтатишга, қўшинларни олиб чиқишга ва диққатни дипломатик қадамларга қаратишга чақирамиз”, деган Столтенберг.
У НАТОнинг кўплаб давлатлари Россия Федерациясига нисбатан қаттиқ санкциялар қўйганини эслатиб, альянс Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаган.
Шимолий Атлантика альянси раҳбари 2014 йилдан бери НАТО мутахассислари Украина армиясини ўқитаётганини ва бу жараён сўнгги йилларда фаоллашганини эслатган.
“НАТО 30 иттифоқчининг ҳар бирининг ҳимояси ва мудофааси учун жавобгардир. Шу муносабат билан Альянснинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда”, деган у.
У Украинага ёрдам мудофаа соҳасида ҳам, молиявий ва гуманитар соҳаларда ҳам кўрсатилаётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, у НАТО блоки Украинадаги урушнинг ушбу давлат чегарасидан ташқарига тарқалишининг олдини олиш учун фаол чоралар кўраётганини айтган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь