Самарқанд саммити бошланди (фото)
Жамият
−
04 Апрель 7752 2 дақиқа
Бугун, 4 апрель куни Самарқанддаги Конгресс марказида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бошланди.

Саммитда қатнашиш учун Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Конгресс марказига етиб келди.

Уларни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Кутиб олиш маросими ва қўшма фотосуратдан сўнг делегациялар раҳбарлари саммитда иштирок этиш учун залга ўтди.


Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи олий даражадаги саммитда қатнашиш учун Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб борганди. Мирзиёев 2 апрель куни кечқурун Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан, кеча, 3 апрелда эса Урсула фон дер Ляйен билан учрашув ўтказди.


Олий даражадаги Ўзбекистон-Европа музокаралари якунида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди. Мирзиёев, Кошта ва фон дер Ляйен Самарқанд шаҳридаги Конгресс маркази хиёбонида икки туп эман экди. Етакчилар Самарқанд Халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида ҳам бўлди.


Кеча, 3 апрель куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Самарқандга келди. Президент Мирзиёев улар билан ҳам учрашувлар ўтказди.