Мирзиёев Исроилни қоралади
Таҳлил
−
05 Июль
5532Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Баку шаҳрига борди. Пойтахтдаги Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда давлат раҳбарини Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан эълон қилинган кун тартибида Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Баку, Хонкенди, Шуша, Ағдам шаҳарларида бўлиши маълум қилинди.
Ташрифнинг дастлабки кунида икки мамлакат етакчилари “Загулба” қароргоҳида тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказди. Унда Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида кооперация ва алмашинувларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Мирзиёев бу галги давлат ташрифи ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда ўтаётганини алоҳида таъкидлаган.
Давлат раҳбари Бакуда қурилаётган янги “Ўзбекистон” боғига тамал тошини қўйди ва Ўзбекистоннинг Бакудаги элчихонаси янги биносини очиб берди.
3 июль куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев мулоқотни Озарбайжоннинг Қорабоғ туманида давом эттириб, Хонкендидаги қўшма тикувчилик фабрикаси билан танишди. Шунингдек, Мирзиёев давлат ташрифининг иккинчи кунида Баку шаҳрида Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев қўним топган Фахр хиёбонига ташриф буюрди. Ўзбекистон етакчиси Алиевнинг отаси қабрига гул қўйиб, Озарбайжоннинг буюк давлат ва сиёсат арбоби хотирасига эҳтиром кўрсатди.
Фузулий шаҳрига боргач, уни аэропортда Озарбайжон Маданият вазири Одил Керимли ва бошқа расмийлар кутиб олди. Шаҳар буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Муҳаммад Фузулий номи билан аталган. Мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бу шаҳар азалдан Қорабоғнинг “жанубий дарвозаси” ҳисобланади.
Шавкат Мирзиёев Хонкенди шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммити доирасида Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар билан ҳам учрашди. Ўзбекистон етакчиси чегараолди савдо ва тегишли инфратузилмани янада ривожлантириш, қазиб чиқариш, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида, қурилиш материаллари тармоқларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади. Стратегик муҳим минтақавий лойиҳа – Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Мирзиёев Қорабоғда от томошасига ҳам борди. Ағдам шаҳридаги “Иморат” тарихий-меъморий мажмуасига қилинган сафарда унга Алиевнинг ўзи ҳамроҳлик қилган.
Кремлда Путин билан учрашувларига якун ясаган қўшни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам Мирзиёевнинг ортидан Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 17-саммитида қатнашиш учун Баку томон отланди. Озарбайжонга етиб боргач, у Қирғизистон томонидан қурилган, Ағдам туманида жойлашган “Айқол Манас” мактабини очиб берди.
Эсингизда бўлса, 2023 йилнинг август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева давлат ташрифи билан Озарбайжонга борганди. Ташриф давомида Қорабоғга ҳам борилганди ва Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактаб очилганди.
4 июль куни Хонкендида саммит старт олди. Алиев саммит иштирокчиларига 30 йиллик арман босқини ҳақида айтиб берди.
Озарбайжон раҳбари улар айни дамда бўлиб турган Қорабоғ ва мамлакатнинг 20 фоизи 30 йил давомида Арманистон истилоси остида қолгани, этник тозалаш ишлари олиб борилгани, бир миллиондан ортиқ одам ўзи туғилиб ўсган жойлардан қувилганини эслатди.
“Бир неча бор Арманистон ва унинг орқасида турган давлатларга агар Арманистон ўз хоҳиши билан босиб олинган ерлардан чиқиб кетмаса, биз ҳарбий йўл билан ўз ҳудудий яхлитлигимизни таъминлашимизни айтганмиз”, деди Алиев.
Шунингдек, ишғол даврида Арманистон маданий ва диний обидаларни ер юзидан супуриб ташлагани, 67 масжиддан 65 таси ер билан яксон қилингани, қолган иккитаси эса чўчқахона ва молхонага айлантирилгани урғуланди.
Озарбайжон Президенти арманлар Қорабоғда ҳатто қабристонларни ҳам талагани, қабртошлари ҳам олиб кетилганини, ҳудудга 1 миллиондан ортиқ мина жойлаштирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ишғол оқибатида мамлакатга 150 млрд доллар зарар етган.
“Давлат ташкилотларидан иборат комиссия ўз ишига хорижий экспертларни жалб этиб, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ишғол оқибатида Озарбайжонга тахминан 150 млрд АҚШ доллари миқдорида зарар келтирилганини ҳисоблади”, деди Илҳом Алиев.
Ўзбекистон раҳбари ҳам саммитда нутқ сўзлади. У узоқ танаффусдан сўнг Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этаётганидан хурсанд экани, қўшни Афғонистонни ташкилотнинг ажралмас бир қисми, кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик жараёнларининг муҳим иштирокчиси сифатида кўриши ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бундан ташқари, Мирзиёев Исроил ва АҚШнинг Эронга қилган ҳужумларини қоралади. Ўзбекистон Президенти Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиётлар бутун минтақани урушга жалб қилиш ва кенг миқёсида атроф-муҳит фалокатининг содир бўлиш эҳтимолини юзага келтирганини билдирди.
“Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу қарорни минтақадаги кескинликни юмшатиш, хавфсизликни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаймиз.
Бу келишув барча муаммоларни дипломатик ва конструктив музокаралар йўли билан ҳал этиш учун мустаҳкам замин яратишига ишонамиз.
Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва уларни ишлатишдан тийилиш халқаро хавфсизликнинг энг долзарб масаласи эканини инобатга олиб, дунё ҳамжамиятини яна бир бор ядро қуролидан холи ҳудудлар географиясини кенгайтиришга чақирамиз”, дейди Президент.
Шу билан бирга, Мирзиёев Фаластин-Исроил зиддиятини адолатли ҳал этмасдан туриб, Яқин Шарқдаги тинчлик ва барқарорликка эришиб бўлмаслигини айтди ва мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори эканини таъкидлади.
“Биз Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, очлик ва ғайриинсоний шароитдан азоб чекаётган аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай тўсиқ қўймаслик, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига мувофиқ мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдоримиз”, дейди у.
Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти қаторида Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари Эрсин Татар ҳам қатнашди. Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммитида қабул қилинган декларацияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан биргаликда Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмасликка келишиб олганди. Ўшанда қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида айтилишича, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.
Марказий Осиё давлатларининг, хусусан, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи бўлган 4 давлатнинг бу хатти-ҳаракати Туркияда катта шов-шув ва эътирозларни келтириб чиқарди. Сиёсатчилар буни Туркиянинг юзига тарсаки, деб қабул қилди, ташкилотни самарасизликда айблади. Ҳатто, гап “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида қабул қилинган ҳужжатлар, иқтисодий келишувлар, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга киритадиган 12 млрд евролик инвестициясига бориб тақалди ва бу давлатлар Туркий бирлик тақдирини 12 млрд га алмашганликда айбланди. Эрдўған бу ҳолатларга умуман изоҳ бермади, тўхталмади.
Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий давлатлар ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади.
21 май куни Венгрия пойтахти Будапештда ўтказилган Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат ва Ҳукумат раҳбарларининг норасмий саммити олдидан бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида ҳам бу масала яна бир бор янграганди. Учрашувда иштирок этган Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан кипрлик Турк биродарлар дучор бўлган ноҳақ ва ғайриинсоний яккаланишга қарши бирдамликда ҳаракат қилиш умумий масъулият эканини билдирди. Самарқанд саммитида (2022 йил) ТДТга кузатувчи аъзо сифатида қабул қилинган Шимолий Кипр Турк Республикаси туркий оиланинг ажралмас қисми эканини урғулади. ШКТР Самарқандда ўтган саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қистови билан Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини олган. Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари Эрсин Татар эса Марказий Осиё давлатлари, хусусан туркий республикаларни Греция, Европа Иттифоқи ва Кипрдан эҳтиёт бўлишга чақириб келади.
LiveБарчаси