Болалар нафақаси, алимент ундириш… Халқ қабулхоналарига энг кўп қандай мурожаатлар бўлмоқда?

Жамият

image

Жорий йилнинг 1-чораги давомида Президент халқ қабулхоналарига 178 237 нафар фуқародан жами 296 235 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишловчи Президент халқ қабулхонаси хабар қилди. 

Тақдим этилган ахборотга кўра, шу йилнинг январь-март ойларида асосий мурожаат йўлловчи фуқароларнинг ёши 31-45 оралиғидаги ўрта ёшлилар бўлиб, уларнинг сони 81 764 нафар бўлган. Бу умумий мурожаатчилар сонининг салкам ярми дегани. 18-31 ёшдаги мурожаатчилар эса юқоридагиларнинг қарийб ярми – 40 002 нафарни ташкил қилган. Асосий мурожаатчиларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи шу ёш тоифаларида тақсимланган.

Мурожаат йўллаган фуқароларнинг ёш тоифалари қуйидагича:

  • 393 нафари – 18 ёшгача бўлган фуқаролар;
  • 40 002 нафари – 18-31 ёшдаги фуқаролар;
  • 81 764 нафари – 31-45 ёшдаги фуқаролар;
  • 27 222 нафари – 45-55 ёшдаги фуқаролар;
  • 10 341 нафари – 55-60 ёшдаги фуқаролар;
  • 16 578 нафари – 60-75 ёшдаги фуқаролар;
  • 1 937 нафари – 75-100 ёшдаги фуқаролар ҳиссасига тўғри келган.

Йилнинг аввалги уч ойида Ўзбекистондаги Президент халқ қабулхоналарига бўлган “эшик қоқишлар”нинг энг кўп сабаби молиявий муаммолар бўлган. Масалан, болалар нафақаси, алимент ундириш ва бир марталик моддий ёрдам масаласидаги мурожаатлар фуқаролар томонидан энг кўп киритилган. 

Қуйида юборилган долзарб масалаларни кўриш мумкин:

  • болалар нафақаси;
  • алимент ундириш;
  • бир марталик моддий ёрдам олиш;
  • суриштирув-тергов масалалари;
  • содир этилган ҳуқуқбузарликларга оид масалалар;
  • ижро ҳужжатлари бўйича қарз ундириш;
  • хотин-қизларга бир марталик ёрдам кўрсатиш;
  • иш билан таъминлаш;
  • даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун кўмак;
  • бажарилган иш ва кўрсатилган хизмат ҳақини тўлаш;
  • газ баллонларини тўлдириш;
  • жиноятларга, жумладан, фирибгарликка оид хабарлар;
  • фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатларидан эътирозлар;
  • ички йўлларни таъмирлаш;
  • электр таъминотидаги узилишлар ва тармоқлар ҳолати;
  • кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш.

Мазкур ахборотдан шаклланган портрет орқали аҳолини қийнаб турган долзарб масалалар билан бирга, тизимнинг қайси жабҳалари ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан кўп муаммоли эканини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида энди Халқ қабулхоналари фақатгина ариза қабул қилувчи орган эмас, балки ҳудуддаги муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлиши ҳақида маълум қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

мурожаат Шавкат Мирзиёев Президент халқ қабулхонаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг