Рус дунёсига қарши уруш бошланди – Лавров

Олам

image

Ғарб Россияга, бутун рус дунёсига тотал уруш эълон қилди ва буни ҳеч ким яширмаяпти. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 27 май куни ТИВ ҳузуридаги субъектлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда ТАСС,

“Ғарб бизга, бутун Рус дунёсига қарши тотал уруш эълон қилди ва буни ҳозир ҳеч ким яширмаяпти”, дейди у.

Лавровнинг айтишича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россияни тийиб туриш учун саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда.

“Америка Қўшма Штатлари ва унинг йўлдошлари энг кенг кўламли воситалардан, бир томонлама иқтисодий санкциялардан тортиб, жаҳон медиа маконида пухта ёлғон тарғибот қилишгача, фойдаланиб, мамлакатимизни жиловлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қандай қилиб икки, уч, тўрт баравар ошираётганини кўриб турибсиз. Ва кўплаб Ғарб мамлакатларида кундалик русофобия мисли кўрилмаган даражага етди, минг афсуски, бир қатор мамлакатларда ҳукумат доиралари томонидан рағбатлантирилмоқда”, дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб томонидан Россиянинг четлатилиши билан боғлиқ ҳозирги вазият узоқ вақт сақланиб қолади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг