Рус армияси Днепрга кенг кўламли ҳужум бошлайди – NYT

Олам

image

Россия қўшинлари Изюмдан Днепрга қадар йирик ҳужумни бошлаши мумкин, чунки шаҳар стратегик нишон ҳисобланади. “The New York Times” нашрининг ёзишича, америкалик ҳарбий таҳлилчилар шундай фикр билдирган.

Украина жанубидаги Большой Бурлук қишлоғи бўйлаб Изюм томон ҳаракатланаётган юзлаб машиналарни сунъий йўлдошдан олинган суратлари шундай хулосага келишга асос бўлган. Расмларда узунлиги 8 миля (ёки 12,8 км) бўлган рус ҳарбийлари колоннаси аниқланган. У Харьковга ҳаракатланмоқда деб тахмин қилинган.

“Биз бир неча кундан бери Изюм улар учун қанчалик муҳимлиги ҳақида гапиряпмиз, чунки у Донбасснинг деярли марказида, унинг ғарбида жойлашган”, деган АҚШ ҳарбийлари.

Шу билан бирга, Пентагоннинг юқори мартабали мулозимининг айтишича, АҚШ разведкаси таҳлилчилари Изюм ва унинг атрофида рус қўшинлари жануб ва жануби-шарқга ҳаракатланишга тайёрланаётганини кўрган.

Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг сўнгги маълумотларига кўра, Изюм учун оғир жанглар кетмоқда. Босқинчилар шаҳар ҳудудида украиналик ҳимоячиларнинг мудофаасини ёриб ўтишга уринишдан тўхтамаяпти.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг