Россиянинг Украинага етказган зарари миқдори айтилди
Олам
−
04 Январь 2023
10339Россиянинг Украинага қарши бошлаган кенг кўламли уруши натижасида етказилган йўқотишлар 2023 йил бошида аллақачон 700 миллиард доллардан ошган. Бу ҳақда Украина Бош вазири Денис Шмигал маълум қилди.
“Бизнинг инфратузилмамизга қилинган сўнгги ҳужумларни ҳисобга олсак, бугунги кунда бу миқдор 700 миллиард доллардан ошади”, дейди Шмигал ҳукумат йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, июнь ойи бошида бу кўрсаткич 350 миллиард доллар зарарни ташкил қилган.
Шмигалнинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати Жаҳон банки билан биргаликда Украинанинг тез тикланиш учун эҳтиёжларини яна бир текширишни режалаштирмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Тан олинмаган Донецк халқ республикаси, Луганск халқ республикаси, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича ноқонуний референдумлар 2022 йил 23-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Москвага кўра, сайлов бюллетенларини қайта ишлаш натижаларига кўра, ДХРда Россия Федерациясига қўшилиш учун 99,23%, ЛХРда – 98,42%, Херсон вилоятида – 87,05%, Запорожье вилоятида – 93,11% овоз берилган. 30 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилган псевдореферендумлар якунлари бўйича нутқ сўзлади, шундан сўнг ҳудудлар раҳбарлари билан Россия таркибига кириш тўғрисида битимлар имзоланди.
LiveБарчаси