Россияни жаҳон иқтисодиётидан сиқиб чиқариш мумкин эмас – Путин
Олам
−
26 Май 2022
14387Россия Федерацияси ривожланган мамлакатлар технологияларидан узилиб қолишни режалаштирмаяпти, улар уни “сиқиб чиқариш”га уринмоқда, аммо бунинг иложи йўқ. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путин Евроосиё иқтисодий форумида таъкидлади.
“Албатта, биз ривожланган мамлакатлардаги улкан технологик афзалликларни, юқори технологияларнинг устунликларини тушунамиз. Биз бундан ўзимизни узиб қўймаймиз. Улар бизни бироз сиқиб чиқаришни хоҳлашади, аммо замонавий дунёда бу нореал, имконсиздир”, дейди у.
Путиннинг қўшимча қилишича, агар Россия ўзини қандайдир девор билан ажратмаса, Россиядек давлатни ҳеч ким ажрата олмайди. Унга кўра, дунёда тобора кўпроқ давлатлар мустақил иқтисодий сиёсат юритишни истамоқда ва юритяпти ҳам.
“Россия ўзининг яқин, табиий қўшнилари билан, жумладан, Евроосиё интеграцияси доирасида муносабатларни ривожлантиришга кўпроқ аҳамият бермоқда”, дейди Путин.
Шунингдек, Президент Россия асосий соҳаларда ўз суверенитетини таъминлаш учун энг зарур ишларни қилишга муваффақ бўлганига ва давом этишига ишонишини билдирди.
Путин Украинадаги уруш туфайли Россияга нисбатан санкциялар босими мавзусига тўхталар экан, у Россияни яккалаб қўймоқчи бўлганлар ўзларига зарар етказаётганини таъкидлади.
“Бундай узоқни кўзламаган сиёсат олиб бораётган мамлакатларнинг иқтисодиёти қанчалик барқарор бўлмасин, жаҳон иқтисодиётининг бугунги ҳолати бизнинг позициямиз тўғри ва асосли эканини кўрсатмоқда”, дея қўшимча қилди Россия етакчиси.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.