Россияликлар Запорожье АЭС майдонини эгаллади – Киев
Олам
−
04 Март 2022
13595Украинадаги Запорожье атом электр станцияси Россия ҳарбийлари томонидан назорат қилинмоқда. Бу ҳақда Украина Ядровий тартибга солиш бўйича давлат инспекцияси матбуот хизмати маълум қилган.
“Атом электр станцияси энергоблоклари бузилмаган. Энергоблокнинг хавфсизлигига таъсир қилмайдиган 1-сонли энергоблокнинг реактор бўлинмасининг қурилиш конструкциясида шикастланишлар мавжуд. АЭС хавфсизлиги учун муҳим бўлган тизим ва элементлар иш ҳолатида”, дейилади хабарда.
Бугун, 4 март куни эрталаб радиация даражасида ўзгаришлар қайд этилмаган.
Энергоблокларнинг ҳолати: 1-энергоблокда режали профилактика ишлари давом этмоқда, 2, 3-энергоблоклар тармоқдан узилган ва атом қурилмалари совутилмоқда, 4-энергоблок ишламоқда, 5, 6-сонли энергоблокларда ядровий қурилмалар совутилмоқда.
Таъкидланишича, операцион ходимлар энергоблокларнинг ҳолатини назорат қилмоқда ва уларнинг технологик регламентлар талабларига мувофиқ ишлашини таъминламоқда.
Запорожье АЭС Европадаги энг йирик электр станцияси ҳисобланади ва дунёда ўнинчи ўринда туради. Украинада 4 та атом электр станциясида жами 15 та реактор мавжуд бўлиб, улар мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 50 фоизини таъминлайди.
Аввалроқ, Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСга ҳужум бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси