Россияга ён беришнинг оқибатига қаранг – Зеленский Меркель ва Саркозини Бучага таклиф қилди
Олам
−
04 Апрель 2022
15978Украина Президенти Владимир Зеленский Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ва Франциянинг собиқ Президенти Николя Саркозини Бучага ташриф буюришга ва 14 йил ичида Россияга ён бериш сиёсати нималарга олиб келганини кўришга таклиф қилди. Бу ҳақда у видеомурожаатида айтган.
“Бугун Бухарестдаги НАТО саммитининг ўн тўрт йиллиги. Ўшанда Украинани Шарқий Европадаги “кулранг зона”дан чиқариш имконияти бор эди. НАТО ва Россия ўртасидаги “кулранг зона”дан. Москвада бу ерда ҳамма нарсага рухсат берилган деб ўйлайдиган кулранг зонадан. Ҳатто энг даҳшатли уруш жиноятларига ҳам. 2008 йилдаги Украина гўё НАТОга аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги оптимистик дипломатик баёнотлар ортида, Украинани Иттифоққа қабул қилишдан бош тортиш яширинган эди. Баъзи сиёсатчиларнинг Россия олдидаги кулгили қўрқуви яширинганди. Улар Украинадан воз кечиш Россияни тинчлантиради деб ўйлашган. Улар уни (Россияни) Украинани ҳурмат қилишга ва ёнимизда нормал яшашга ишонтира олади (деб ўйлаган)”, деган Президент.
Зеленский ўша нотўғри ҳисоб-китобдан 14 йил ўтиб, Украина инқилобдан ва Донбассдаги саккиз йиллик урушдан омон қолганини таъкидлаб, ҳозир украин халқи Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг даҳшатли урушда ҳаёт учун курашаётганини урғулади.
“Мен Меркель хоним ва жаноб Саркозини Бучага ташриф буюришга ва 14 йил давомида Россияга ён бериш сиёсати нималарга олиб келганини кўришга таклиф қиламан. Қийноқларга учраган украиналикларни ўз кўзлари билан кўриш учун”, деган у.
Зеленский Украина Ғарбни Россиянинг ҳарбий жиноятларида айбламаслигини таъкидлаган.
“Биз халқимизга қарши буни қилган аниқ рус ҳарбийларидан ташқари ҳеч кимни айбламаймиз. Уларга буйруқ берганлардан ҳам ташқари. Лекин биз қатъиятсизлик ҳақида гапиришга ҳақлимиз. Бундай Бучага, Гостомелга Харковга, Мариуполга йўл қандай бўлгани ҳақида. Бизда ҳеч қандай қарор йўқ. Бирор блокдп бўлишимиз ёки бўлмаслигимиздан қатъий назар, биз бир нарсани тушунамиз: биз кучли бўлишимиз керак. 14 йил олдин Бухарестда Россия раҳбари Ғарб раҳбарларига Украина деган давлат йўқлигини айтганди. Биз эса шундай давлат борлигини исботлаймиз. У бўлган ва бўлади ҳам”, деган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Украина расмийлари Киев вилоятининг россияликлар ташлаб кетган Буча шаҳрида кўплаб тинч аҳоли вакиллари қийноқлар билан ўлдирилгани ҳақида хабар бера бошлади. Шаҳарда юзлаб одамлар ваҳшийлик қурбони бўлгани айтилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси