Бучада қирғин. Дунё россияликлар ташлаб кетган шаҳардан даҳшатга тушди (фоторепортаж)
Олам
−
04 Апрель 2022
69671Яқин вақтгача Россия ҳарбийлари назоратида бўлган Киев вилоятининг Буча ва бошқа аҳоли пунктларида ўнлаб тинч аҳолининг ўлдирилиши Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг энг даҳшатли лаҳзаларидан бирига айланди.
Кўчаларда ётган одамлар жасади, жумладан қўллари боғланганлар акс этган суратлар жорий йилнинг 2 апрель куни кечқурун тарқалди. Эртаси куни Бучадан янги далиллар, шунингдек, Украинанинг босиб олинган ҳудудларида содир этилган жиноятлар ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Россия расмийлари эса Бучадаги хунрезликларни сохта деб эълон қилишга уринмоқда.
Украина Бош прокурори Ирина Венедиктова Киев вилоятининг Россия ҳарбийларидан озод қилинган туманларидан 410 нафар ўлганларнинг жасади суд-тиббий экспертизадан ўтказиш учун олиб кетилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тергов гуруҳлари Киев ва Чернигов вилоятларининг озод қилинган ҳудудларида ишламоқда, улар “Россия Федерацияси босқинчиларининг барча жиноятларни” аниқлаш билан шуғулланмоқда. Миналардан тозалаш ишлари ҳам олиб борилмоқда – Венедиктованинг айтишича, гап портламаган ўқ-дорилардан ташқари, Россия ҳарбий томонидан миналанган жасадлар ҳақида кетмоқда.
“Бу бизнинг еримизда уни уюштирган йиртқич ҳайвонларни жазолаш учун ҳужжатлаштирилиши керак бўлган дўзахдир”, деган Бош прокурор.
Украина Президенти Владимир Зеленский Бучадаги ҳолатга муносабат билдирар экан, Россиянинг маданий ва инсоний қиёфаси украиналиклар билан ўлганини қайд этди. У ўзининг навбатдаги видеомурожаатида русча гапириб, россиялик оналарга юзланиб, шундай деди:
“Мен ҳар бир россиялик аскарнинг онаси Буча, Ирпень ва Гостомелда ўлдирилган одамларнинг жасадини кўришини хоҳлайман. Улар нима қилди? Нега уларни ўлдиришди? Кўчадан велосипедда ўтиб кетаётган эркак нима қилди? Нима учун оддий тинч шаҳардаги оддий фуқаролар қийноққа солинган? Нима учун аёллар қулоқларидан сирғалари тортиб олингандан кейин бўғиб ўлдирилган? Қандай қилиб аёлларни болаларнинг кўз ўнгида зўрлаш ва ўлдириш мумкин? Ҳатто ўлганидан кейин ҳам уларнинг жасадларини масхара қиласизми? Нима учун одамларнинг жасадларини танклар билан эзиб ташлашди? Украинанинг Буча шаҳри сизнинг Россиянгизга нима қилди? Қандай қилиб буларнинг барчаси содир бўлди?
Рус оналари, агар сиз талончиларни тарбиялаган бўлсангиз ҳам, улар қандай қилиб жаллодга айланди? Фарзандларингизнинг ичида нима борлигини билмаган бўлишингиз мумкин эмас. Улар ҳамма инсонийликдан маҳрум эканликларини пайқамаслигингиз мумкин эмас. Руҳ ҳам, юрак ҳам йўқ. Улар атайлаб ва завқ билан ўлдиришди.
Мен Россия Федерациясининг барча раҳбарлари ўзларининг буйруқлари қандай бажарилаётганини кўришларини хоҳлайман. Мана бундай буйруқлар, мана бундай ижро. Ва биргаликда жавобгарлик. Бу қотилликлар учун, қийноқлар учун, портлашлардан кейин узилиб кетган қўллар учун. Боғланган одамлар бошининг орқа қисмига узилган ўқлар учун.
Россия давлати энди шундай қабул қилинади. Бу сизнинг кўринишингиз. Сизнинг маданиятингиз ва инсоний қиёфангиз украинлар ва украиналик аёллар билан бирга ҳалок бўлди”.
Россия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбийлари томонидан Бучада тинч аҳоли ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни “провокация” ва “саҳналаштириш” деб атади.
Идоранинг таъкидлашича, Буча рус ҳарбийлари назорати остида бўлган даврда “бирорта ҳам маҳаллий аҳоли зўравонлик ҳаракатларидан жабр кўрмаган”, Украина ҳарбийлари эса шаҳарнинг жанубий туманларини “туну-тун” ўққа тутган.
Баёнотга кўра, Россия Мудофаа вазирлиги шаҳарнинг 30 март куни рус ҳарбийлари томонидан ташлаб кетилганини таъкидлаб, Бучада “жиноятларнинг барча далиллари” орадан тўрт кун ўтиб, Украина Хавфсизлик хизмати зобитлари ва Украина телевидениеси вакиллари шаҳарга етиб келишганидан кейин” пайдо бўлганини қўшимча қилган.
Россия “Украина радикалларининг Бучадаги даҳшатли провокацияси муносабати билан” 4 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишни сўраган. Аввалроқ, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Бучадаги тинч аҳоли ўлимига оид далиллардан “чуқур ҳайратда қолганини” айтди ва мустақил тергов ўтказиш ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.
Россия ҳукуматпараст оммавий ахборот воситалари “саҳналаштирилган” видео ҳақида “факт”ларни тарқата бошлаган. Бироқ улар “Медиазона” томонидан рад этилди. 3 апрель куни эрталаб Мариуполдаги болалар шифохонасидан олинган тасвирларнинг “сохталиги” ҳақида ёлғон даъволарни тарқатиб келган “Фейк”га қарши уруш” Telegram-канали 3 апрель куни эрталаб Буча шаҳрида рус қўшинлари чекинганидан кейин шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётган машина видеолавҳасини эълон қилди.
“Фейк”га қарши уруш” каналининг айтишича, кадрлардан бирида йўл четида ётган марҳум гўёки қўлини қимирлатган, сўнгра орқа кўзгуда кўринадиган бошқа ўлган одам ўтирган.
“Медиазона”нинг кўрсатишича, “Фейк”га қарши уруш” канали автомобилнинг ён ойнасидаги тирналган жойни қўл қимирлаши деб айтган. Шунингдек, одам ўтиргани ҳам сифатли видеонинг секинлаштирилган ҳолида кўрсатилиб, инкор қилинган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси