Россияда полициячиларга ҳар қандай дронни уриб тушириш ҳуқуқи берилди
Олам
−
19 Май 2023
4491Россия Давлат Думаси депутатлари полициячиларга ҳар қандай дронни уриб тушириш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужжатни Давлат Думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раиси Александр Хинштейн ҳамда Хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмита раҳбари Василий Пискарев бошчилигидаги гуруҳ парламент қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритган. Бунгача мамлакатнинг амалдаги қонунлари бўйича полиция ходимларига фақат ҳаво дронларини уриб тушириш ҳуқуқи берилган.
Янги қонун лойиҳаси Россия Ички ишлар вазирлиги, ФСБ, Росгвардия, ФСО, СВР, ФСИН ва ГУСПга дронларнинг ҳавода, сувда ва ерда ҳаракатланишини тўхтатиш ҳуқуқини беради. Учувчисиз қурилмаларни йўқ қилиш учун дронлар ҳаракатини тўхтатиш ва уларни масофадан бошқарувчи сигналларни узиш кераклиги қайд этилган.
Аввалроқ Санкт-Петербург полицияси осмонни назорат қилувчи махсус бўлим ташкил қилган бўлиб, унинг вазифаси дронларга қарши курашишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда дронларга нисбатан назоратнинг кучайиши ва эҳтиёткорликнинг ортишига Кремлга қилинган дрон ҳужуми сабаб бўлди. Қизил майдонда Ғалаба паради ўтказилишига бир неча кун қолган ва унга тайёргарлик қизғин кетаётган бир пайтда Россиянинг энг қаттиқ қўриқланувчи нуқтаси – Президент қароргоҳига бир неча босқичдан иборат қудратли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига чап бера олган дрон ҳужум қилганди. Россия ҳужум ортида АҚШ турганини иддао қилган бўлсада, мамлакат бундай даъволарни тан олмаган. Бундан ташқари, Россиянинг Украинага чегарадош вилоятлари ва ҳатто ундан анча ичкари ҳудудларга ҳам тез-тез дрон ҳужумлари уюштириб турилиши одатий ҳолга айланиб қолди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь