Россияда Meta, Facebook ва Instagram тақиқланди
Олам
−
22 Март 2022
5063Россия оммавий ахборот воситалари Meta Platforms Inc. ҳамда унинг ижтимоий тармоқлари Facebook ва Instagram’нинг логотипларини кўрсатмаслиги керак. Бу ҳақда Роскомнадзор матбуот хизмати хабар берган.
“Россия ОАВлари томонидан Meta Platforms Inc. ташкилоти ва унинг Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари логотипини намойиш этишга йўл қўйилмайди”, дейилади хабарда.
Роскомнадзор Россия ОАВлари Meta Platforms’ни мамлакатда тақиқланган ташкилот сифатида белгилаши кераклигини айтган.
Қайд этилишича, даъво қонун ҳужжатларида тақиқланган фаолият билан шуғулланмаган жисмоний ва юридик шахсларнинг Meta дастурий маҳсулотларидан фойдаланишини чеклашга қаратилмаган.
Ижтимоий тармоқлар реестри
Таъкидланишича, Facebook ва Instagram Россияда ижтимоий тармоқлар реестридан чиқарилади. Шу билан бирга, Meta интернет тармоғида фаолият юритувчи хорижий субъектлар рўйхатидан чиқарилади.
“Роскомнадзор ташкилотни Россия Федерациясида интернет тармоғида фаолият юритувчи хорижий субъектлар рўйхатидан, Facebook ва Instagram’ни эса ижтимоий тармоқлар реестридан чиқариб ташлайди”, дейилган хабарда.
Маълумот ўрнида, кеча, 21 март куни Москванинг Тверь суди Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг даъвосини қаноатлантирди ва Meta Platforms Inc.ни экстремистик ташкилот деб тан олди ва унинг фаолиятини РФ ҳудудида тақиқлади. Meta компаниясига тегишли Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлари фаолияти ҳам экстремистик деб тан олинди. Бу қарор WhatsApp мессенжерига таъсир қилмайди. Бундан ташқари, фуқаролар ва ташкилотлар Facebook ва Instagram’дан фойдаланганликлари учун экстремизмда айбланиб жавобгарликка тортилмайди.
Meta Platforms Украинадаги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида россиялик ҳарбийларга қарши зўравонликка ундашга қўйилган тақиқни вақтинча олиб ташлади. Янги сиёсат Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг ўлимига чақирувларга ҳам рухсат берар эди.
Шундан сўнг Россия Федерацияси Бош прокуратураси суддан Meta компаниясини экстремистик ташкилот деб тан олишни ва унинг Россиядаги фаолиятини тақиқлашни сўраганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Россияда 14 март куни Instagram ижтимоий тармоғига кириш чекланди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси