Россия урушдаги устунликни бой берди – ISW
Олам
−
05 Август 2022
19739Украина Қуролли Кучларининг Херсон вилоятини Россиядан қайтариб олиш учун тайёргарлик кўриб, дастлабки қарши ҳужумларни бошлаши, умуман олганда, рус қўшинларининг кескин заифлашуви расмий Киевга биринчи марта урушнинг боришини фаол равишда белгилашга имкон берди. Бу хақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) навбатдаги баёнотида маълум қилди.
Институт хулосасига кўра, Украина стратегик ташаббусни ўз қўлига олмоқда. Оқибатда Россия Украинанинг қарши ҳужумларига жавобан кучларини қайта тақсимлашга ва устуворликларини ўзгартиришга мажбур бўлмоқда.
Россия армияси Херсон ва Запорожье вилоятларига кўпроқ шахсий таркиб ҳамда техникаларни олиб ўтиши оқибатида Славянск ва Северскни қўлга киритиш мураккаблашмоқда. Шунингдек, Россия Украинанинг бошқа минтақаларидан Қримга ҳарбий техникасини, хусусан, артиллерия ва авиациясини олиб ўтмоқда.
ISW'нинг қайд этишича, Россия кучлари Луганск вилоятини эгаллашга устувор аҳамият бериш учун Харьковда ҳужум операцияларини аллақачон тўхтатган эди.
Ҳарбий таҳлилчиларнинг ёзишича, эндиликда, рус қўшинлари ўз кучларини йўналтириш учун атайлаб нишон танламаяпти, балки Украинанинг Херсон вилоятидаги қарши ҳужумни хавфини қайтаришга уриняпти.
Мутахассислар фикрича, Украина кучлари Россиянинг Киевни эгаллашга уринишларини тўхтатгандан кейин ҳам, рус армияси шарқдаги операцияларни қаерга йўналтиришни танлашда эркин эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Муҳайёхон Ҳабибуллаева
LiveБарчаси