Россия Польша чегараси яқинидаги полигонга зарба берди
Олам
−
14 Март 2022
18709Кеча, 13 март куни Украина ғарбидаги, Польша чегарасидан 25 км узоқликдаги полигонга ҳаводан зарба берилди. Бу ҳақда Львов вилояти давлат маъмурияти раҳбари Максим Козицкий маълум қилди.
Россия авиацияси Львов вилояти Яворов тумани Старичи қишлоғидаги Халқаро тинчликни сақлаш ва хавфсизлик марказини бомбардимон қилган. Бу марказ Яворов ҳарбий полигони сифатида ҳам танилган. У Украинанинг НАТО аъзоси бўлган Польша билан чегарасидан 25 километр узоқликда жойлашган. Полигонда украиналик ҳарбийлар авваллари Ғарб инструкторлари раҳбарлигида тайёргарликдан ўтган, бироқ ҳозирда Украина расмийларига кўра, у ерда инструкторлар йўқ.
Максим Козицкийнинг айтишича, рус қўшинлари полигонга 30 та ракета отган. Унинг сўзларига кўра, зарбалар натижасида камида 35 киши ҳалок бўлган, яна 134 киши жароҳатланган.
Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, рус қўшинлари Львов вилоятида “хорижий ёлланма аскарлар” жойлашган объектларга зарбалар берган. Оқибатда улардан камида 180 нафари ҳалок бўлган, шунингдек, Украинага хориждан келган қуролларнинг катта партияси йўқ қилинган. Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игор Конашенков Украина ҳудудига келган хорижлик ёлланма аскарларни йўқ қилиш давом этишини қайд этган.
АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россиянинг Польша чегараси яқинидаги полигонга берган зарбасидан сўнг, агар Россия ҳар қандай НАТО давлати ҳудудига “бир марта бўлса ҳам ўт очса”, альянс “бор кучи билан” жавоб қайтаришини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь