Россия ортидан АҚШ ҳам ядровий қуролларини шай ҳолатга келтирадими? Блинкен жавоб берди
Олам
−
03 Март 2022
16515АҚШ ҳозирда ўз стратегик кучларининг тайёргарлиги даражасини ошириш ниятида эмас. Бу ҳақда кеча, 2 март куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Давлат департаментида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
“Президент [Владимир] Путиннинг ядровий кучлар ҳақидаги баёнотларига келсак, биринчидан, сизларга маълумки, Россия ва Қўшма Штатлар ядро қуролидан фойдаланиш бутун дунё учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши ҳақида анча олдин келишиб олишган” деган Блинкен Россия раҳбарининг ядровий кучларни махсус жанговар навбатчилик режимига ўтказиш ҳақидаги буйруғини изоҳлар экан.
Давлат котиби аввалроқ Москва ва Вашингтон “ядро урушида ғалаба қозониб бўлмайди, уни бошлаш мумкин эмас”, деб таъкидлаганини эслатган.
“Ядро қуроли ҳақидаги провокацион баёнотлар масъулиятсизликнинг чўққисидир, бу хавфли, бунга йўл қўймаслик керак. Биз Президент Путиннинг буйруғи, унинг баёнотларини баҳоладик ва ҳозирча [стратегик кучларнинг] тайёрлик даражасини ўзгартириш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз”, дея қўшимча қилган Блинкен.
Ўтган ҳафта Путин НАТОнинг етакчи давлатларининг юқори мартабали амалдорлари тажовузкор баёнотлар билдираётганини таъкидлаб, бунга жавобан стратегик кучларни махсус шай ҳолатга келтиришни буюрганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси