Россия Ғарб рад этган нефтни Осиёга етказиб беришни кўзламоқда
Олам
−
23 Март 2022
14511Россия зарурат туғилганда энергия таъминотини ғарбдан шарққа йўналтириш вариантларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Александр Новак Давлат Думасидаги ҳукумат соатида сўзлаган нутқида маълум қилди.
"Бизнинг таъминотларимиз дунё бўйлаб диверсификацияланган. Албатта, асосий улуш Европа ва Осиёга тўғри келади, аммо таъминот Яқин Шарқ ва Лотин Америкаси мамлакатларига ҳам боради", дейди Новак.
Шу билан бирга, у “албатта, биз осиёлик ҳамкорларимиз билан агар шундай зарурат туғилса, Осиё бозорларига қўшимча етказиб бериш имконияти ҳақида гаплашяпмиз”, деб қўшимча қилиб, Осиё-Тинч океани бозорларида Россия хомашёси учун етарли жой бўлишига умид билдирди.
“Аслида, шуни таъкидлашни истардимки, оқимларни қайта йўналтириш жуда катта муаммо, бозорлар катта бўлишига қарамай, улар аллақачон мувозанатлашган. Ва агар ресурсларни бир йўналишдан бошқасига йўналтириш бўлса, бу таъминот занжирлари ва ҳисоб-китоб тизимларини ўзгартиришга олиб келади. Бу бир кунда амалга оширилмайди”, дейди у депутатларга юзланиб.
Шунингдек, унинг фикрича, Россияга нисбатан санкция чекловлари жаҳон бозорларида нефть нархининг ўзгарувчанлигига жиддий таъсир кўрсатади.
“Жаҳон бозорларида нефтга бўлган талабнинг тикланиши ҳали тўлиқ амалга оширилмаганига қарамай, мен айтиб ўтган санкция чекловлари жаҳондаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатмоқда ва жаҳон бозорларидаги нархларнинг ўзгариши ва ўзгарувчанлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида, албатта, бошқа нарсалар қатори, ички бозоримиздаги вазиятда ҳам ўз аксини топади”, дейди Новак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 март куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Вашингтон Россиядан барча турдаги энергия импортига тақиқ қўйишини маълум қилди. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 9 март куни Россиядан энергия ресурслари импортини тақиқлаш ва АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотидаги (ЖСТ) иштирокини тўхтатиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Шунингдек, 8 март куни дунёнинг энг йирик нефть ва газ компанияларидан бири Shell Россия нефть ва газидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатаётганини маълум қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь