Россия асосий кучларини Украинанинг қайси шаҳарига йўналтиргани айтилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия армияси Изюм йўналишида ҳужум қилиш учун 25 тагача батальон тактик гуруҳларини тўплади. Бу ҳақда жума куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди.

Хабарга кўра, Россия қўшинлари Заречное қишлоғига бостириб кириб, Рубижное, Новотошковское, Попасная ва Марьинка аҳоли пунктлари ҳудудида олдинга ҳаракатланмоқда.

“Сўнгги 24 соат ичида Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудида Россия қўшинларининг ўнта ҳужуми қайтарилди, олтита танк, саккизта зирҳли техника ва ўн бешта техника, тўртта артиллерия тизими йўқ қилинди”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Россия Аэрокосмик кучларининг учта самолёти ва учта вертолёти, шунингдек, тўққизта “Орлан-10” дронлари уриб туширилган. Уруш бошланганидан бери Украина Қуролли кучлари 21,2 мингга яқин россиялик ҳарбийни йўқ қилган.

24 февралдан 22 апрелгача бўлган даврда Россия армиясининг жанговар йўқотишлари тахминан: 838 та танк, 2162 та зирҳли жанговар машина, 397 та артиллерия тизими, 138 та ялпи ҳужум реактив тизимлари, 69 та ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, 176 та самолёт, 153 та вертолёт, 8 та кема/қайиқ ва бошқалардан иборат бўлган.

25 март куни Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Украинадаги “махсус операция” чоғида 1351 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ва 3825 киши яралангани ҳақида хабар берган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг