Путин ва Эрдўған тез орада учрашиши маълум бўлди

Олам

image
Эрдўған Путин билан Украина ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилди north_east

Эрдўған Путин билан Украина ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилди

Яқин вақт ичида Россия Президенти Владимир Путин Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашади. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати маълум қилди.

“Россия Президенти Владимир Путин Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди. Яқин келажакда режалаштирилган Россия-Туркия олий даражадаги учрашуви арафасида давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган бир қатор масалаларни кўриб чиқдилар”, дейилади хабарда.

Хусусан, томонлар Украина атрофидаги вазият, жумладан, Қора денгизда навигация хавфсизлигини таъминлаш ва ғалла экспорти бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашган.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланиш ва энергия таъминоти масалаларини муҳокама қилган.

“Сурияни тартибга солиш мавзуси муҳокама қилинар экан, Остона жараёни доирасида эронлик шериклар иштирокида уч томонлама ҳамкорликнинг муҳимлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Россия етакчиси Эрдўған ва бутун турк халқини Қурбон ҳайити билан табриклаган.

Эслатиб ўтамиз, 8 июн куни Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “дон йўлаги” деб аталмиш йўлак яратиш масаласини муҳокама қилди. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлашини ҳамда Бердянск ва Мариуполь каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспортини таъминлай олишини айтган эди.

21 июнь куни Москвада Туркия ва Россия ҳарбий делегациялари ўртасида Украина донини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш масаласи бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги уларни ижобий ва конструктив деб атаб, маслаҳатлашувларни давом эттиришга қарор қилинганини қайд этди.

Туркия Президенти Тойиб Эрдўған НАТОнинг Мадриддаги саммитидан сўнг, Анқара Қора денгиз орқали олиб ўтиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта экспорт қилишга тайёрлигини маълум қилди. Унга кўра, Украина портларида Туркиянинг 20 га яқин савдо кемалари бор, улар юкни ташишга тайёр.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг