Эрдўған Путин билан Украина ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилди

Олам 6564
image

Бугун, 11 июль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, унда Украина инқирози ва украин донини денгиз йўли орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Туркия етакчиси девони хабар берди.

“Президент Эрдўған, Россия Президенти Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суриядаги, Россия ҳарбий амалиётлари нуқтаи назаридан Украинадаги вазият, Қора денгиз орқали дон экспорти учун хавфсиз йўлакларни яратиш масалалари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, “ғалла экспорти учун хавфсиз йўлакларни яратиш режасини амалга ошириш учун ҳаракат қилиш вақти келди”, дейилади нашрда.

Туркия Президенти яна бир бор Украина инқирозини музокаралар столида тинч йўл билан “барқарор ва адолатли” ҳал этиш тарафдори эканлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Туркия, аввалгидек, Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги музокара жараёнини жонлантириш учун саъй-ҳаракатларга тайёр.

Сурияга трансчегаравий ёрдам

Эрдўған, Путин билан суҳбат чоғида Сурияга трансчегаравий гуманитар ёрдам механизмини кенгайтириш муҳимлигига эътибор қаратган.

“Президент Эрдўған трансчегаравий гуманитар ёрдам механизмини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади маъмуриятнинг Twitter’даги постида.

Эслатиб ўтамиз, 8 июн куни Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “дон йўлаги” деб аталмиш йўлак яратиш масаласини муҳокама қилди. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлашини ҳамда Бердянск ва Мариуполь каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспортини таъминлай олишини айтган эди.

21 июнь куни Москвада Туркия ва Россия ҳарбий делегациялари ўртасида Украина донини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш масаласи бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги уларни ижобий ва конструктив деб атаб, маслаҳатлашувларни давом эттиришга қарор қилинганини қайд этди.

Туркия Президенти Тойиб Эрдўған НАТОнинг Мадриддаги саммитидан сўнг, Анқара Қора денгиз орқали олиб ўтиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта экспорт қилишга тайёрлигини маълум қилди. Унга кўра, Украина портларида Туркиянинг 20 га яқин савдо кемалари бор, улар юкни ташишга тайёр.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 70
Рейтинг: 3.1
t
×