Қодиров Путинга “отчёт” топширди (видео)
Олам
−
08:36 4640 2 дақиқа
Кеча, 29 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров билан Кремлда учрашув ўтказди. Бу ҳақда Путиннинг матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида Қодиров Чеченистондаги вазият ҳақида қисқача маълумот берган.
“Ўтган йил якунларига кўра, ўз даромадларимиз режадан ошириб бажарилди – ўсиш 122 фоизни ташкил этди. 2024 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиш суръати бўйича Россияда биринчи ўринга чиқдик: мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич 104,5 фоиз бўлса, бизда 122,6 фоизни ташкил этди. Ишсизлик даражаси рекорд даражада – 3,1 фоиз бўлди”, деган Қодиров.
Шунингдек, у март ойининг охирида республикада кучли тошқинлар юз бергани ва оқибатларни бартараф этиш учун барча кучлар сафарбар қилингани ҳақида ҳам айтган.
“Ҳурматли Рамзан Ахматович, мен сизларда табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари қандай олиб борилаётганини кузатдим. Сиз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва вазир Александр Куренков билан самарали ишлаганингизни биламан. Жабрланганларга ёрдам тўлиқ кўрсатилишига умид қиламан. Баҳолаш жараёнида расмиятчиликка берилмасдан, барча муҳтожларга ёрдам бериш керак”, деган Путин.
Шунингдек, Путин махсус ҳарбий операцияда кўрсатилган катта ёрдам учун Қодировга, барча чечен халқи ва республика аҳолисига миннатдорлик билдирган.
“Сизларнинг жангчиларингиз жасорат билан курашмоқда, улар ҳақиқий жангчилар. Ҳозирда 71 мингдан ортиқ киши операцияда қатнашмоқда, уларнинг қарийб 20 минг нафари кўнгиллилар”, дея қўшимча қилган Россия Президенти.
Қолаверса, Путин яқинда сайловлар бўлиб ўтиши ҳақида Қодировга эслатган ва унга омад тилаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 апрель куни Россиянинг Чеченистон ва Доғистон Республикаларидаги сув тошқинлари сабабли федерал миқёсдаги фавқулодда ҳолат режими жорий этилганди.
Live
Барчаси