Путин Украинадаги урушга юбориладиган кўнгиллилар учун шароит яратишни буюрди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин ҳукуматга Украинадаги “махсус ҳарбий операция”сида ихтиёрий равишда қатнашишни хоҳловчи фуқароларга меҳнат кафолатларини беришни буюрди.

Давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган маълумотига кўра, дастур Петропавловск-Камчатскийда якунлангач, Путин Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси ходимларидан бири билан учрашган, у Президентга шахсий илтимос билан мурожаат қилган. У аввалроқ яшаш жойидаги мудофаа бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, “махсус ҳарбий операция”да қатнашиш учун кўнгилли сифатида рўйхатдан ўтишни сўраганини айтди.

“Шу билан бирга, у қонунга кўра, унга узоқ муддатли таътил берилмайдиган ва “махсус ҳарбий операция”да қатнашишдан олдин эгаллаб турган лавозимига қайтиши кафолатланмайдиган вазиятга дуч келди. Владимир Путин ушбу ходимга ҳукумат эътиборини Россия қонунчилигидаги бўшлиққа қаратиш бўйича кўрсатмалар беришга ваъда берди, шунингдек, бундай ҳолатлар юзага келган тақдирда Россия Федерацияси қонунчилигини амалдаги қонунларга мувофиқлаштириш кераклигини таъкидлади”, дейди Песков.

Матбуот котибининг қўшимча қилишича, қонунга киритиладиган ушбу ўзгартиришлар, жумладан, потенциал кўнгиллининг ҳозирги мавқеини сақлаб қолган ҳолда узоқ муддатли таътилга чиқиш имконияти каби меҳнат кафолатларини таъминлаши керак.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг