Помпео Озарбайжон ва Арманистон ТИВ раҳбарлари билан учрашди
Олам
−
23 Октябрь 2020
4333Бугун, 23 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Вашингтонда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов ва Арманистон ТИВ раҳбари Зограб Мнацаканян билан алоҳида-алоҳида учрашди. Аммо ҳар икки вазир билан бир мавзу Тоғри Қорабоғдаги вазият муҳокама қилинди.
“23 октябрда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов АҚШга ташрифи давомида Майкл Помпео билан учрашди. Унда Тоғли Қорабоғдаги вазият муҳокама қилинди. Озарбайжон вазири Американи Арманистоннинг бузғунчи сиёсати, тинч аҳолининг ўққа тутилаётгани, хорижий ёлланма аскарлар ва террорчилар жалб қилинаётганидан огоҳлантирди”, дейилади Озарбайжон ТИВ хабарида.
Байрамов Озарбайжоннинг позицияси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тўртта резолюцияси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг шу каби ҳужжатларига мослигини алоҳида урғулаган.
Помпео ва Мнацаканян учрашувида Тоғли Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида музокарларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган. Бу ҳақда Арманистон ТИВ хабар берган.
“Мнацаканян ва Помпео Қорабоғ можароси ҳудудида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувга амал қилиш, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида тинч музокаралар жараёнини давом эттириш зарурлигини тасдиқлади”, дейилади арман томони хабарида.
Аввалроқ, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакат Қуролли кучлари Қорабоғ жанубида Эрон билан чегарадош ҳудудларни тўлиқ назоратга олганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида сулҳга эришди. Аммо бу сулҳнинг умри бир неча соат давом этди. Кейинроқ, томонлар яна ўт очишни тўхтатишга қарор қилди. Бу сафар ҳам бу режим узоққа бормади.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.