Польша Украинага яна $2 млрдлик танк ва ракеталар юборди

Олам

image

Польша Украинага яқин орада 2 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам жўнатди. Бу ҳақда Польша Президенти Анжей Дуда Германиянинг “Bild” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Украинага оғир қуроллар, танклар керак. Икки кун олдин Украина Президент Зеленский билан гаплашдим. У яна илтимос билан менга юзланди. Биз Украинага ишга яроқли 240 дан ортиқ танклар, 100 га яқин зирҳли техника ва қурол, милтиқлар, ўқ-дорилар ҳамда ракеталар юбордик. Биз жами 2 миллиард долларлик қурол жўнатдик”, дейди Дуда.

Польша Президентининг сўзларига кўра, бу катта харажатлар, бироқ мамлакат уларнинг Украинага зарурлигини тушунади. 

“Биз ҳаммага мурожаат қиламиз: агар кимдир, масалан, артиллерия юбориш имконияти бўлса, жўнатсин. Бу қуроллар Россия босқинини тўхтатиш учун зарур”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июнь куни Польша Украина билан сўнгги 30 йилдаги энг йирик қурол-яроғ битими тузилишини эълон қилди. Давлат активлари вазири Яцек Сасиннинг сўзларига кўра, шартнома суммаси 628 миллион долларни ташкил этади.

Польша Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Павел Солохнинг таъкидлашича, расмий Варшава Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича етакчи давлатлардан бири, у АҚШ ва Буюк Британиядан кейин учинчи ўринда туради.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украинага босқин

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг