Песков рус аскарлари қачон Украина аҳолисини ўққа тутишини айтди
Олам
−
23 Март 2022
24741Украинага ташланган россиялик аскарлар тинч аҳоли вакиллари қўлига қурол олиб, рус ҳарбийларини нишонга олсагина уларга қарата ўқ узиши мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга маълум қилди.
Песков журналистнинг рус аскарлари тинч фуқарони ўлдираётгани ва биринчи марта жинсий зўравонлик ҳолати юз бергани ҳақидаги саволига жавобан Кремль Украина Бош прокуратураси баёнотига ишонмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбий хизматчилар фуқаролик объектларига зарба бермайди ва тинч аҳолига қарата ўқ узмайди, аксинча, уларга ёрдам беради.
“Улар тинч аҳоли қўлига қурол олиб, ҳарбийларимизга қарата ўқ узмагунча уларга қарата ўт очмайди”, деган Кремль матбуот котиби.
Унинг иддаосича, Украина шаҳарларини тарк этаётган гувоҳлар у ерда тирик қалқон сифатида ушлаб турилгани, миллатчи батальонлар тинч аҳолига қарата ўт очганини айтган.
Песковнинг сўзларига кўра, “Россиялик ҳарбий хизматчи аёл кишини зўрлагани”га Кремль “умуман ишонмайди”.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси