“Пайи қирқилган” сериаллар, бўшатилган “ҳашарчи” ҳоким, қимматлаётган газ, “свет”ва бошқа хабарлар

Жамият

Якунига етаётган 31 июлнинг энг муҳим воқеларининг қисқа тафсилоти.

Президент одам савдоси ва мажбурий меҳнатга оид фармонни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Қуйида фармоннинг тўлиқ матни билан танишинг.

Мирзиёев айтган қўмита тузилди

Мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда камситилишига йўл қўймаслик, шунингдек бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ги Қарори қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Серблар рус қуролига қойил қолди

Сербия Президенти Aлександар Вучич ва мамлакатнинг бошқа расмийлари Россиядан ҳарбий техникаларни топшириш маросимида иштирок этиб, бепул етказиб берилган техникалар учун ўз миннатдорликларини билдирди. Сербия раҳбари шунингдек, йил охирига қадар Россиядан мамлакатга яна 7 та вертолёт ва 10 та танк келишини айтди.

15 августдан газ ва электр энергияси қимматлашади

Ўзбекистонда 15 августдан жамоат транспортларида йўл ҳақи, электр энергияси ва газ тарифлари қимматлайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Табиий газнинг (1 куб/м учун) нархи ҳисоблагич бўлган тақдирда, 380 сўмни (ҳозирда 320 сўм) ташкил қилади. Ҳисоблагич йўқ бўлса, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун 1 куб/м нархи 660 сўм бўлади (ҳозирда 553 сўм).

Риштондаги “ҳашар”дан кейин туман ҳокими ўзгарди

Фарғона вилояти Риштон тумани ҳокими Таваккалжон Раҳимов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Туман Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу тўғрида қарор чиқарилди.

Сессия ишида ташкилиш масаладан ташқари, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи фаоллар иштирокида танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

Олма-отада ҳалок бўлган ва қўлга олинган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берилди

Аввалроқ, Қозоғистоннинг Олма-ота вилояти Уйғур туманида Ўзбекистон фуқароси ўз ватандошини ўлдиришда айбланиб қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда ҳалок бўлган ва қўлга олинган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди.

Миллий авиакомпания қатор самолётларини сотувга қўйди

Ижтимиоий тармоқларда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ўзига тегишли саккизта самолётни сотаётгани уларнинг иккитаси Dreamliner экани ҳақида хабарлар тарқалди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК тарқалган хабарларга расмий муносабат билдириб, уларга аниқлик киритди.

Маълум қилинишича, самолётмотор паркини унификациялаш ва такомиллаштириш доирасида, шунингдек эксплуатация ҳаражатларини камайтириш мақсадида, хизмат муддати 15 йилдан ортиқ бўлган ҳаво кемаларини сотиш таклиф этилди.

Темир йўл, почта ва банклар сотилиши эълон қилинди

Украина Президенти девони раҳбарининг ўринбосари Aлексей Гончарук биринчи навбатда амалга оширилиши режалаштирилган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гапирди. Гончарукнинг сўзларига кўра, Зеленский темир йўл транспорти, почта ва банкларни шахсий қўлларга топширмоқчи. “Банкларни биринчи навбатда сотиш керак.

Тошкентда йирик ёнғин юз берди

Бугун, 31 июль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди. Ёнғин соат 11:09 да Буюк ипак йўли кўчаси 14а-уй, Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси худудида жойлашган арматура ишлаб чиқариш цехининг трансформатор подстаницяси ва унинг мойлари 250 кв м майдонида ёнган.

Ўн кунлик келинчакни аёвсиз калтаклаган эрга суд ҳукми ўқилди

Самарқандда ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлган воқелик бўйича айбдорга суд ҳукми ўқилди. Воқеа Булунғур тумани, “Мингтепа” маҳалласи, “Тинчлик” қишлоғида рўй берган. 

Гап шундаки, 1982 йилда туғилган К.Г. жорий йилнинг 18 май куни 1988 йимлда туғилган З.У. билан шаръий турмуш қуради. Орадан 12 кун ўтиб, 30 май куни К.Г. маст ҳолатда ўзаро келишмовчилик сабаб турмуш ўртоғи З.У.ни онаси Г.Г.нинг олдига сочидан тортиб боради. Г.Г. уларни ажратишига қарамасдан, К.Г. турмуш ўртоғини қўллари ва оёқлари билан ўта шафқатсизларча танасининг турли жойларига бир неча маротаба қасддан уриб “ўртача оғир тан жароҳати” етказган.

Қойилмақом! Абитуриентлар энди рақобатчиларининг балини онлайн кўриши мумкин

Олий таълим муассасаларига қабул жараёни бу йил янгиликларга бой бўлганди. Имтиҳонлар давомида ҳам янги қулайликлар яратиш давом этяпти. Давлат тест маркази ўтказилган тест синовлари жавобини очиқ кўриш имкониятини яратди. Эндиликда абитуриент фақатгина ўзи тўплаган бални эмас, балки рақобатчилари тўплаган балларни ҳам кузатиб бориши мумкин.

Ўзбекистондаги телеканалларда чет эл сериали суткада бир марта қўйилиши белгиланди

Ўзбекистондаги нодавлат телеканалларда энди бир суткада фақатгина бир марта хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган сериаллар намойиш этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов имзолаган ҳужжатда айтилган, деб хабар бермоқда  QALAMPIR.UZ манбаси.

“Тонировка” масаласида Ҳукумат қарори қабул қилиниши кутиляпти

Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда автомобил ойналари тусини ўзгартириш бўйича янгича тартиб ўрнатилиши ва бу борада тегишли ҳужжат лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарларга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот котиби билан боғландик.

У “тонировка” масаласида ўзгариш бўлишини, янги қарор лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Бироқ лойиҳанинг тафсилотлари ҳақида етарли маълумотларга эга эмаслигини билдирди.

Юлдуз Усмонова Жанубий Кореядаги клиникага кетди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Жанубий Кореяга йўл олди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқлар орқали хабар берган.

Юлдуз Усмонова Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортининг CIP кутиш залидан видеомурожаат йўлларкан, турмуш ўртоғи Мансур Агалиев билан ўзини текширтиргани Кореядаги клиникага йўл олганини айтади. Усмонова қандай сабаб билан клиникага мурожаат қилганини очиқламаган. Шунчаки, ўзини текширтиргани кетаётганини айтган, холос.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг