“Тонировка” масаласида Ҳукумат қарори қабул қилиниши кутиляпти

Жамият 2487
image

Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда автомобил ойналари тусини ўзгартириш бўйича янгича тартиб ўрнатилиши ва бу борада тегишли ҳужжат лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур хабарларга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот котиби билан боғландик.

У “тонировка” масаласида ўзгариш бўлишини, янги қарор лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Бироқ лойиҳанинг тафсилотлари ҳақида етарли маълумотларга эга эмаслигини билдирди.

Бугун, 31 июль куни эса “тонировка” учун рухсатнома олиш бадаллари акс этган плакатлар сурати тарқалди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, “тонировка” учун рухсатнома олиш учун тўловлар қуйидагича бўлади:

Орқа ойна (лобовой) учун: бепул

Орқа ён ойна (орқа эшик) учун:

•    жисмоний шахсларга - ЭКИҲ 10 баробар (2 млн 230 минг сўм);
•    юридик шахсларга - 20 баробар (4 млн 460 минг сўм);
•    хорижий ташкилотларга - 40 баробар (8 млн 920 минг сўм).

Олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар):

•    жисмоний шахсларга - 90 баробар (20 млн 070 минг сўм);
•    юридик шахсларга - 110 баробар (24 млн 530 минг сўм);
•    хорижий ташкилотларга - 130 баробар (28 млн 990 минг сўм).

Эслатиб ўтамиз, блогерлар, депутатлар “тонировка” масаласида ўрнатилган тартибни танқид қилиб чиқди. Депутатлар бу масалада бир неча марта ўз таклифларини билдириб чиқди. Шундан сўнг автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартириш бўйича тартиб қайта кўриб чиқилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари, Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров ҳам “тонировка” масаласи хавфсизликка алоқадор бўлгани учун ўз фикрини билдириб ўтганди.

“Менга Instagram`даги саҳифам орқали баҳсли мавзу — “тонировка” борасида жуда кўп мурожаат келиб тушмоқда. Шу сабабли ва бу актуал мавзунинг қисман хавфсизлик масаласи билан боғлиқлиги учун ўз фикримни билдиришга қарор қилдим. Фикримча, “тонировка” мавзуси Ўзбекистон шароитида долзарб ва ўринли кўтарилган. Чунки юртимизда иқлим шароити ёз ойлари, айниқса, чилла пайти жуда оғир бўлади.

Масаланинг муҳим эканлигини ҳамда Интернет тармоқлари орқали жамоатчилик, блогерлар ва депутатлар мурожаатларини инобатга олиб, биз мутасадди давлат идораларига бу масалани амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли тавсиялар бердик. Ҳозирда “тонировка” мавзуси бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шуни алоҳида айтмоқчиманки, бизда ушбу йўналишда ҳамма зарур чоралар ишлаб чиқилган ва ижроси таъминланган. Автоулов “тонировка”си хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди”, деганди Отабек Умаров.

Яқин кунларда “тонировка” масаласида ишлаб чиқилган янги қарор расман эълон қилинади деб, умиб қиламиз.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×
×