Шуми халқни ўйлаб чиқарилган қарор? – “Адолат” СДП

Жамият

image

Аввалроқ, “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтгани, унда “тонировка” масаласи кўтарилгани, ҳайдовчиларнинг талабларидан келиб чиқиб, Ҳукумат қарорини ўзгартириш масаласи муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эдик. 

Маълум қилиншича, жорий йилнинг 19 июль куни Вазирлар Маҳкамасига фракцияда кўтарилган масалалар бўйича таклифлар юборилган ва амалга оширилган ишлар бўйича 1 августгача Қонунчилик палатасига маълумот тақдим этиш сўралган. Бу орада бугун “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий сайтида Ҳукумат қарорлари халқ манфаатларига хизмат қилмаётгани, улар халқни ўйлаб чиқарилмаётгани айтилган мақола эълон қилинди. Унда шундай дейилади:

“Жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. 

Мазкур йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари билан биргаликда “Ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратишнинг долзарб масалалари ва депутатлик ташаббуси” ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, Ўзстандарт агентлигидан масъуллар иштирок этган йиғилишда депутатлар томонидан ҳайдовчининг соғлиғи, унинг қуёшнинг ультрабинафша нурларидан ҳимояланиши ҳамма нарсадан муҳим эканлиги таъкидланди. Фракцияда шу каби бир қатор масалалар кўтарилди.

Биринчидан, сўнгги пайтларда ҳайдовчилар, кенг жамоатчилик орасида йўл ҳаракати қоидаларига оид бир нечта эътирозлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, “тонировка” учун рухсатнома олишнинг жуда қимматлиги; ўзи шундоқ ҳам иссиқ ва деярли туман кузатилмайдиган бир шароитда машина фараларини кундузи ёқиб юриш талаби (кейинчалик ўзгартирилди ва муддати қолдирилди) ва шу каби масалалар шулар жумласидандир.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган мазкур нормалар жамоатчиликнинг фикрини ўрганмасдан, кенг муҳокама қилинмасдан қабул қилиниши натижасида ижтимоий тармоқларда ҳам норозиликларга сабаб бўлди. Бундан кўринадики, халқимиз учун қабул қилинаётган ҳужжатлар халқ вакиллари томонидан қабул қилиниши лозим. Бундан ташқари Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллик йиғилишида ҳам “қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиш ва тўғридан-тўғри қўлланадиган қонунлар қабул қилиш вақти келди” дея таъкидлаган эди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси вакиллари қонуности ҳужжатларини айниқса кенг аҳолимизга оид ҳужжатларни (“Йўл ҳаракати қоидалари”) фақатгина тўғридан-тўғри қонунлар орқали халқ ва унинг вакиллари томонидан қабул қилиниши лозимлигини қайд этишди.

Иккинчидан, “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори ижтимоий адолатсизлик ва дискриминация ҳисобланади. Сабаби транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан республика ҳудудига ташриф буюрадиган туристлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган қарордан ўтган бир йил вақт давомида фақатгина 1000 га яқин автомобиль эгаларигина фойдаланди. Мамлакатимизда 2 500 000 мингдан ортиқ автомобиль мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак, атиги 0,04 % ҳайдовчилар бу имкониятдан фойдаланибди холос. Шуми халқимизга қулай шароит яратиш мақсадида қабул қилинган қарор натижаси ва қамров даражаси? 18 245 700 сўмни тўлашга қурби етмаган 99,96% ҳайдовчиларга ким шароит яратади? Ушбу рақамлар ва ижтимоий тармоқлардаги кўплаб фикр-мулоҳазалардан аён бўладики мазкур қарор кўзланган мақсадга хизмат қилмади ва ўз вазифасини бажара олмади. Шундан келиб чиққан ҳолда, партия фракцияси вакиллари мазкур қарордаги тўлов миқдорини аҳолининг реал даромадларидан келиб чиққан ҳолда сезиларли равишда пасайтиришни таклиф этди. 

Учинчидан, автомобиль йўловчилари ва айниқса ҳайдовчиларни тўғридан-тўғри тушувчи ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилиш мақсадида ҳамда мутлақо бепул ва барча бирдек фойдаланиши учун Ҳукуматнинг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон қарор билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентнинг 74-бандига ва 2015 йил 25 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4 бандида транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлигига белгиланган 70 фоиз чегирмани 55 фоизгача тушириш таклифи тайёрланди.

Жорий йилнинг 19 июль куни Вазирлар Маҳкамасига фракцияда кўтарилган масалалар бўйича таклифлар юборилди ва амалга оширилган ишлар бўйича 1 августгача Қонунчилик палатасига маълумот тақдим этиш сўралди.

Мазкур таклифлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг” эканлигини таъминлашга ҳамда “қонунлар халқ ва унинг манфаатларини кўзлаб қабул қилинади” тамойили учун хизмат қилиши табиий”.


Мақола муаллифи

Теглар

Вазирлар Маҳкамаси тонировка

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг