Расман: “Янгича тонировка”га рухсат берилиши кутилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон автомобилларни қуёшдан сақлаш учун талаб этилганидек “тонировка”га рухсат берилмасада, термал плёнкага рухсат этилиши мумкин. Ушбу плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, унинг асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишини бир мунча камайтиради. 

Ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ, транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унга кўра, мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 15 фоизга, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда бугун, 18 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинган. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтиришга) рухсатнома олиш жисмоний шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари (18 245 700 сўм), юридик шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари (24 327 600 сўм) миқдоридаги маблағни тўлаш орқали амалга оширилади. 

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, агар ушбу суммани тўлашга ҳайдовчининг қурби етса ҳам, унга бунинг иссиқдан ҳимояланишга хеч қандай нафи бўлмайди, чунки қарорга асосан, ойналарининг тусини ўзгартириш автотранспорт воситасининг фақатгина орқа ойналарига рухсат берилади, холос. Демак, ҳайдовчи қарор талабларини бажараман деб пул тўлайди ва ўзи яна ўша қуёш нурларида қолади.

Йиғилишда ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида таклиф этилаётган термал плёнка билан қопланган автомабиль ойналарининг бир нечта намуналари кўргазмали кўринишда тақдим этилиб, уларнинг афзаллиги ва қулайликлари бўйича йиғилганларга батафсил ахборот берилди.

Тақдим этилган намуналардан кўриш мумкинки, термал плёнка ўзининг хусусиятига кўра, тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди.

Депутатларнинг ушбу ташаббусини йиғилишда ҳозир бўлган Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди ва бу орқали фуқароларимизга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши таъкидланди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан фракциянинг таклифларини Вазирлар Маҳкамасига юборишга келишиб олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

тонировка термал плёнка

Баҳолаганлар

220

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг