B+ ва ундан юқори сертификат олган ўқитувчиларга устама берилади
Жамият
−
14:32 1127 2 дақиқа
Сертификат олган бошланғич синф ўқитувчиларининг маошига ҳар ой 15 фоиз устама қўшилади. Бунинг учун улар B+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлиши керак. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг кеча, 29 июлдаги 411-сон қарори билан тасдиқланган низомда назарда тутилган.
Унга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб бошланғич синфларда дарс берувчи ва тегишли мутахассисликка эга бўлган, B+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга ўқитувчиларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устама тўлаб борилади.
Хусусан, сертификат амал қиладиган муддат давомида ўқитувчиларнинг лавозим маошига ҳар ойда 15 фоиз миқдорида устама берилади. Янги тартибга кўра, мазкур йўналишдаги малака имтиҳонларини ташкил этиш бўйича ваколатли орган сифатида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги белгиланади. Малака имтиҳонида қатнашиш учун талабгорлардан ариза топширилган санадаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Имтиҳон натижалари халқаро методика – Раш модели асосида баҳоланади. Унга кўра, 70 баллдан юқори натижа кўрсатган талабгорга A+, 65–69,9 балл олганларга A, 60–64,9 балл олганларга B+ даражали сертификат берилади. Шунингдек, 55–59,9 балл тўплаганларга B, 50–54,9 балл олганларга C+, 46–49,9 балл олганларга эса C даражали сертификат топширилади. Талабгорларнинг бошланғич синф фанлари бўйича билим даражаси, ўқитиш методикаси ҳамда педагогик маҳорати тест синовлари орқали баҳоланади.
Сертификат олиш истагидаги ўқитувчилар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон шаклда ариза топшириб, рўйхатдан ўтади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган талабгорларга QR-кодли сертификатнинг электрон шакли бир иш куни ичида юборилади. Шунингдек, натижалардан норози бўлган талабгорлар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун ичида апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Қайд этилишича, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқшунослик фанини билиш даражасини аниқлаш ва ушбу йўналишда миллий сертификат бериш тизими ҳам жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда талаб этиладиган тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби белгиланаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси