Данияда ўқитувчиларга ўқувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатишга рухсат берилади
Олам
−
11:36 631 2 дақиқа
Данияда 2027 йилнинг август ойидан бошлаб ўқитувчиларга дарс жараёнида тартибни бузган ўқувчиларни ушлаб туриш ёки бошқа хонага олиб чиқиш учун жисмоний куч ишлатишга рухсат берилади. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, тегишли ислоҳот марказий сўл ҳукумат томонидан таклиф қилинган. Ҳозирда Данияда ўқитувчилар фақат ўқувчи ўзига, бошқаларга ёки мактаб мулкига хавф туғдирган тақдирдагина жисмоний куч ишлатиши мумкин.
Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай чоралар фақат алоҳида ҳолатларда ва вазиятга мутаносиб равишда қўлланилиши керак. Шунингдек, жисмоний куч ишлатилган ҳар бир ҳолат ҳақида ўқувчининг ота-онаси ҳамда маҳаллий кенгаш хабардор қилинади.
Дания Таълим вазири Магнус Ҳеунике ўқитувчилар вазият кескинлашганда қандай ҳаракат қилиш мумкинлиги борасида иккиланишга тушмаслиги кераклигини таъкидлаган. Унинг айтишича, зўравонлик юз берган вазиятда зарур чораларни кўргани учун ҳеч бир ўқитувчи ишдан бўшатилишдан қўрқмаслиги лозим.
Таълим вазирлиги томонидан жорий йилнинг 1 октябрь куни эълон қилинган сўров натижаларига кўра, 2025 йилда синфларнинг 55 фоизида ўқувчилар ўртасидаги жисмоний зўравонлик камида бир марта қайд этилган. Синфларнинг 36 фоизида эса бундай ҳодисалар камида ойига бир марта содир бўлган.
Зўравонлик ҳолатлари, айниқса, бошланғич синфларда кўпроқ кузатилган. 0–3-синфларда бундай ҳолатлар 75 фоизни ташкил этган бўлса, 4–6-синфларда 59 фоиз, 7–10-синфларда эса 27 фоиз бўлган.
Тадқиқотга кўра, зўравонлик ҳолатларининг аксарияти оз сонли ўқувчилар иштирокида содир бўлган. Ҳодисалар қайд этилган синфларнинг 60 фоизида атиги бир ёки икки нафар бола бунга алоқадор бўлган. Шунингдек, ўқувчиларнинг миллати билан зўравонлик ёки тажовузкор хатти-ҳаракатларнинг юқори даражаси ўртасида умумий боғлиқлик аниқланмаган.
Дания ўқитувчилари касаба уюшмаси раҳбари Гордон Орсков Мадсеннинг айтишича, сўнгги бир йил давомида ҳар уч нафар ўқитувчидан бири синфда тинчликни тиклаш учун ўқувчиларга жисмонан таъсир кўрсатишдан салбий оқибатлардан қўрққани сабабли тийилган.
Мазкур қонун лойиҳаси аввалроқ ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Таълим соҳаси бўйича 500 нафардан ортиқ эксперт ва нодавлат ташкилотлар вакиллари ислоҳотга қарши чиқиб, ўқитувчиларнинг полиция ходимларидек ҳаракат қилиши ўқувчилар ва педагоглар ўртасидаги ишончга путур етказиши мумкинлигини билдирган.
Маълумот учун, Данияда жисмоний жазо 1967 йилда тақиқланган. Янги ислоҳот эса ўқитувчиларга тартибни тиклаш ва хавфли вазиятларнинг олдини олиш учун чекланган доирада жисмоний куч ишлатиш имконини бериши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия ҳукумати мактабларда юзни тўлиқ ёпувчи бурқа ва ниқоб тақишни тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь