Данияда мактаб ўқувчиларига телефон ишлатиш бутунлай тақиқланади

Олам

−

visibility938 timer2 дақиқа

image

Данияда 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб мактаб ўқувчиларига дарс вақтида ҳам, танаффусларда ҳам мобил телефон ва интернетга уланадиган бошқа шахсий электрон қурилмалардан фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳақда мамлакат Таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тақиқ давлат ва хусусий мактаблар, муниципалитетларга қарашли халқаро мактаблар, мактаб-интернатлар, шунингдек, болалар ва ўсмирлар учун мактабдан ташқари таълим муассасаларига ҳам татбиқ этилади.

Ҳар бир таълим муассасаси тақиқни амалга ошириш тартибини мустақил белгилайди. Жумладан, ўқувчиларнинг телефонлари кун бошида йиғиб олиниши ёки дарс давомида ўчирилган ҳолда сумкаларида сақланиши мумкин.

Бундан ташқари, Данияда мактабларнинг интернет тармоқларида таълимий ёки педагогик аҳамиятга эга бўлмаган контентларни фильтрлаш мажбурий этиб белгиланади. Хусусан, ижтимоий тармоқлар, ўйин ва савдо платформаларига кириш чекланади. Қайси сайтларни блоклашни муниципалитетлар ва таълим муассасаларининг ўзи белгилайди.

Шу билан бирга, соғлиғи ёки ривожланишидаги ўзига хос хусусиятлар сабаб электрон қурилмаларга муҳтож ўқувчилар учун истиснолар назарда тутилган. Масалан, қандли диабет билан касалланган болалар қондаги шакар миқдорини ўлчаш, кўриш қобилияти бузилган ёки дислексияси бор ўқувчилар эса махсус иловалардан фойдаланиш учун смартфонларини ишлатиши мумкин. Ноутбук ва планшетлардан фақат машғулотлар вақтида фойдаланишга рухсат берилади.

Қонун лойиҳасини парламентнинг навбатдаги сессиясида кўриб чиқиш учун киритиш режалаштирилган. Мактаблар ва муниципалитетларга интернет контентини фильтрлаш тизимларини жорий этиш учун 2027 йил охиригача муддат берилади.

Маълумот учун, 2025 йилнинг октябрь ойида Дания бош вазири Метте Фредериксен 15 ёшга тўлмаган болаларнинг айрим ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш таклифини илгари сурган эди. Унинг таъкидлашича, мобил телефонлар ва ижтимоий тармоқлар болаларнинг болалигини ўғирламоқда. Бош вазир келтирган маълумотларга кўра, Данияда болаларнинг 94 фоизи 13 ёшга тўлмасдан туриб ижтимоий тармоқларда профиль очган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон мактабларида TikTok ижтимоий тармоғи ҳамда зарарли мазмундаги 200 дан ортиқ видеоматериалга кириш чеклангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг