Ўзбекистондаги телеканалларда чет эл сериали суткада бир марта қўйилиши белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистондаги нодавлат телеканалларда энди бир суткада фақатгина бир марта хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган сериаллар намойиш этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов имзолаган ҳужжатда айтилган, деб хабар бермоқда  QALAMPIR.UZ манбаси.

Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлиги ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг жорий йил 25 июль куни имзолаган 124-баёнида нодавлат телеканаллар фаолияти бўйича айрим чекловлар ўрнатилган. 

Унда қайд этилишича, Оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш ва ривожланишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий база яратилганига қарамасдан, айрим нодавлат телерадиоканалларда ўзбек халқига бегона бўлган маданият, урф-одат ва қадриятларни, айниқса, ёш авлоднининг тарбияси ва онгига салбий таъсир этувчи уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ҳамда гиёҳвандлик, тамаки ва алкоголь маҳсулотлар савдоси ва истеъмол қилиниши каби каби салбий иллатларни тарғиб қилувчи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик талабларига зид бўлган чет эл сериалларини намойиш этиш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Бунга эса нодавлат телерадиоканалларда анъанавий билим ва кўникмаларга эга, ҳаётга доимо сергак кўз билан қарайдиган, халқ ва Ватан манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, глобал медиа маконида кескин рақобатга дош бера оладиган, фаол гражданлик позициясига эга замонавий кадрларнинг етишмаслиги ва оригинал кўрсатув ишлаб чиқиш ҳажмининг пастлиги сабаб бўлмоқда. 

Ҳукжжат нодавлат телеканаллар учун қуйидагилар қатъий асосда белгилаб берилган. Телерадиоканалларда кунлик эфир жадвалини тузишда шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ: 

•    эфир вақтининг асосий қисмини оригинал кўрсатувлар билан тўлдириш, миллий бадиий фильм ва сериалларга устуворлик бериш

•    чет эл сериалини бир суткада фақат бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда намойиш этиш белгиланади.

Телеканалларда намойиш этиладиган чет эл сериали қатъий равишда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик талабларига жавоб бериши таъминланиши шарт. 

“Телерадиоканалларда анъанавий билим ва кўникмаларга эга, ҳаётга доим сергак кўз билан қарайдиган, халқ ва Ватан манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, глобал медиа маконида кескин рақобатга дош бера оладиган, фаол гражданлик позициясига эга замонавий кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўзларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиласинлар. 

Ўзларининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда телерадиоканаллар мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек чет эл жамоатчилигини Ўзбекистоннинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар тўғрисидаги холис ва ҳаққоний хабардор қилишга, ёш авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, халқимизнинг бой тарихи, маданияти, анъана ва маданий-маънавий меросини, асраб-авайлашга йўналтирилган оригинал кўрсатувлар ҳажмини кўпайтириш чораларини кўрсинлар”, дейилади Ҳукумат комиссияси баёнида. 

Ушбу ҳужжат билан жорий этилган тартибни 10 кун муддат ичида барча нодавлат телерадиоканалларга етка Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига юкланган. 

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда 1800 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари фаолият юритиб келаётган бўлса, бундан 90дан зиёдини нодавлат телеканаллар ташкил этади. 

Ўзбекистон телеканалларида сўнгги икки йилда хорижий сериаллар намойиши кескин ортди. Айниқса, турк сериалларини телеканаллар даромад манбаига айлантирди. Ҳозирда хусусий телеканалларда бир кунда иккитадан, 5-6 тагача турк сериаллари намойиш этилаётгани ҳам бу борада аллақачон кимўзар бошланганини исботлайди. 

Маълумот ўрнида, 2017 йил охирларида Ўзбекистондаги “Зўр” телеканалида намойиши бошланган “Севги изтироби” турк сериали 2018 йилнинг февраль ойи ўрталарига келиб эфирдан олиб ташланган эди.

2018 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу сериални танқид қилиб, хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар бериб, “Зўр” телеканалида намойиш этилаётган “Севги изтироби” сериалини танқид қилган эди. 

Ҳукумат раисининг танқидидан сўнг, 2018 йилнинг 17 февралига келиб сериал эфир дастуридан олиб ташланганди. Жорий йилнинг 29 июлидан эътиборан сериал яна эфирга қайтаётгани маълум қилинди. Шу куни сераилнинг қолган қисми намойиш этилди. QALAMPIR.UZ`да “Зўр”дан зўр чиқди! Бош вазир тақиқлаган сериал яна экранга қайтди" номли мақола эълон қилингач, кеча, 30 июль куни “Севги изтироби” намойиши яна тўхтатилди

Айни вақтда мамлакатдаги энг юқори рейтингларда турадиган хусусий телеканалларда қуйидаги турк сериаллари намойиш этилмоқда:

“Йиғлама, она”, “Аёл”, “Чуқур”, “Фазилат хоним ва қизлари”, “Сўйла... Қора денгиз” – “Sevimli” телеканали;

“Ёмонлик дунёга устун бўлолмас”, “Муҳташам юз йил” – “Milliy” телеканали;

“Мени қўйиб юборма”, “Парчаланган юраклар” – “Зўр” телеканали.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг