“Севги изтироби” сериали намойиши яна тўхтатилди
Маданият-санъат
−
30 Июль 2019
41709Кеча, 29 июлдан эътиборан “Зўр” телеканалида “Севги изтироби” сериали эфирга узатилиши ҳақида хабар берган эдик. Соат 20:00 да сериалнинг қолган жойидан эфирга узатилди.
Бугун, 30 июлга келиб “Зўр” телеканалида “Севги изтироби” сериали белгиланган вақт намойиш этилмади. Соат 20:00 да сериал ўрнида бошқа кўнгилочар кўрсатув эфир юзини кўрди. QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, сериал яна эфирдан олиб ташланган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кундан буён мазкур телеканал экранларига сериал қайтаётгани овоза қилинаётган эди.
Маълумот ўрнида, 2017 йил охирларида Ўзбекистондаги “Зўр” телеканалида намойиши бошланган “Севги изтироби” турк сериали 2018 йилнинг февраль ойи ўрталарига келиб эфирдан олиб ташланган эди.
2018 йилнинг 14 февраль куни Ҳукумат раиси “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу сериални танқид қилиб, хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар бериб, “Зўр” телеканалида намойиш этилаётган “Севги изтироби” сериалини танқид қилган эди.
Ҳукумат раисининг танқидидан сўнг, 2018 йилнинг 17 февралига келиб сериал эфир дастуридан олиб ташланганди.
Айни вақтда мамлакатдаги энг юқори рейтингларда турадиган хусусий телеканалларда қуйидаги турк сериаллари намойиш этилмоқда:
“Йиғлама, она”, “Аёл”, “Чуқур”, “Фазилат хоним ва қизлари”, “Сўйла... Қора денгиз” – “Sevimli” телеканали;
“Ёмонлик дунёга устун бўлолмас”, “Муҳташам юз йил” – “Milliy” телеканали;
“Мени қўйиб юборма”, “Парчаланган юраклар” – “Зўр” телеканали.
LiveБарчаси