Президент одам савдоси ва мажбурий меҳнатга оид фармонни имзолади
Жамият
−
31 Июль 2019
4362Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Қуйида фармоннинг тўлиқ матни билан танишинг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Сўнгги йилларда республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Болалар меҳнатига барҳам берилди, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имижини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга ҳозирги вақтда одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётганлигини таҳлиллар кўрсатиб турибди. Жумладан:
биринчидан, ваколатли органларнинг ташаббускорлиги етарли бўлмаяпти, ваколатли органларнинг ягона раҳбарлик остида етарли даражадаги идоралараро ҳамкорлиги мавжуд эмас;
иккинчидан, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида холис ва ишонарли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар уйғунлаштирилмаган;
учинчидан, қонунчилик базаси халқаро стандартларга номувофиқ, бу эса одам савдосига ва мажбурий меҳнатга алоқадор шахсларни самарали таъқиб қилиш ва жазолашга тўсқинлик қилмоқда.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бўйича белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси (кейинги ўринларда – Миллий комиссия) этиб қайта ташкил қилинсин ва унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Миллий комиссия:
а) Миллий комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан;
б) Миллий комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлик қиладиган Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан иборат бўлади.
2. Қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.
3. Миллий комиссия бир ой муддатда:
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия тўғрисидаги низомни;
Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия тўғрисидаги низомни;
2019-2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга (кейинги ўринларда – Ҳудудий комиссиялар) раҳбарлик қилиш вазифаси юклансин.
5. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги миллий қонунчилик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва Миллий комиссиянинг тақдимномалари сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифаси этиб белгилансин.
6. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи (кейинги ўринларда – Миллий маърузачи) институти таъсис этилсин, унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юклансин.
7. Қуйидагилар Миллий маърузачининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида мамлакатимиз ва жаҳонда юзага келаётган вазият тўғрисида, ушбу жиноят турига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жазолаш ҳамда одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар йили ахборот тақдим этиш;
мазкур соҳада республикамизда кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ишончли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг дипломатик корпуси ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини жалб этган ҳолда оммавий ахборот воситалари учун мунтазам равишда брифинглар ташкил этиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамжамият билан ушбу йўналишга ихтисослашган ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида самарали ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни, давлатимизга нисбатан хуружларга қарши тезкор чора кўришни, шунингдек, мазкур соҳада республиканинг халқаро майдондаги миллий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда тегишли равишда қуйидаги қонунларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
а) қуйидагиларни назарда тутувчи “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги лойиҳа:
– одам савдоси қурбонларини халқаро стандартларга мувофиқ идентификация қилиш механизмини белгилаш;
– одам савдоси қурбонларини қайта йўналтиришнинг миллий механизмини жорий этиш;
б) болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги лойиҳа.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Миллий комиссиянинг расмий веб-сайти ишлаб чиқилиши ва фаолият юритишини таъминласин;
Миллий комиссия билан биргаликда, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда кенг ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширсин, бунда давлат органларининг раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларининг чиқишлари назарда тутилсин ҳамда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувларда уларнинг иштирок этишларини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сон Конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилганлиги ҳамда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини амалга ошириш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг фаолиятини тугатиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясини тугатиш тавсия этилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
13. Вазирликлар ва идоралар икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.
14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
LiveБарчаси