Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мансабдор жазоланди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги жамоат саломатлиги техникуми педагогларини хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилган мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.

Қайд этилишича, Янгийўл туманида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми педагог ходимларининг хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этилаётгани юзасидан Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат келиб тушган.

Мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, текширув давомида педагог ходимларни хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этиш орқали мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани аниқланган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) асосида жавобгарлик чораси қўлланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш қонун билан тақиқланади. Шунингдек, педагогларни ҳашар ишларига, ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига ёки бошқа мажбурий меҳнат турларига жалб қилиш мумкин эмас.

Қонунда педагогларни ўз вазифасига алоқадор бўлмаган ишларга мажбурий жалб этган, уларнинг дарс бериш жараёнига аралашган ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашувда ўқитувчиларга кўчаларни назорат қилиш топшириғини берганди. Ҳокимнинг бу “ватан ободлиги” ташаббусида берган топшириғи ОТМ ректорлари билан учрашувда берилганди.

Кейинроқ эса Бобоев педагогларни кўча назоратчиси бўлишга ундовчи топшириғи ортидан Меҳнат инспекциясидан огоҳлантириш ҳам олган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг