Самарқанд ҳокими ўқитувчиларга кўчани назорат қилишни буюрди (видео)
Жамият
−
15:41 2521 3 дақиқа
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашувда ўқитувчиларга кўчаларни назорат қилиш топшириғини берди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Адиз Бобоевнинг сўзларига кўра, вилоятда мавжуд барча олий таълим муассасаларига кўчалар бириктирилади ва ундаги ўқитувчи-профессорлар ўзи бириктирилган кўчаларга масъул бўлади.
“Ҳамма институтга, олий таълим муассасасига биттадан, иккитадан, кимгадир учтадан, километрига қараб, катталигига қараб туриб, соҳасига қараб туриб, ҳамма ёғини ўйлаймиз-у, кўча берамиз. Мана шу кўча фалон институтга бўлади. Мен сизларга у ерга бир дарахт экинглар, тротуар қилинглар, ёки бошқа қилинглар демайман. Сизлар ўша кўчанинг эгаси бўласизлар, ўша кўчага эгалик қиласизлар”, деган ҳоким учрашувда.
Бобоевнинг таъкидлашича, бириктирилган кўчаларнинг тозалиги ҳар куни тонгда устозлар томонидан назорат қилинади. Ҳоким бува бу жараёнга, ҳаттоки, ўқувчи-талабалар ҳам жалб этилиши мумкинлигини билдирган.
“Қанақадир ўзларингизнинг ўқитувчиларингиз бор, ўзларингизнинг ўқувчиларингиз бор. Ҳар куни эрталаб битта ўқитувчи бундай бир айланиб келади, бир ўқитувчи ўша ердан бир пиёда юради, соғлиққа ҳам фойдаси бор ”, дейди Бобоев.

Вилоят ҳокимининг сўзларига кўра, назорат жараёнида ўқитувчилар кўчанинг қайси қисми носоз ёки таъмирталаб, қаерига кўчат экиш керак ёки қайси қисмида кўчатга касаллик келиб қолгани каби муаммоларни билиб бориши керак бўлади. Шунингдек, кўча назорати юкламасига эга бўлган ўқитувчи ёки ОТМ ходимлари ҳокимликка назорат давомида учраган муаммоларнинг ечим таклифларини ҳам беришига тўғри келади.
“Битта кўчат, кўчада тўрт хил, беш хил аралаштириб ташлаб юборилган кўчат, мисол учун. Шунақа бир минг хил масала бор-да. Шуларни сизлар оласизлар-у, шу кўчага бир бошдан ўзларингизга битта “дарожний" карточка” қилиб оласизлар”, деган ҳоким.
Адиз Бобоевнинг топшириғига кўра, бириктирилган ОТМлар кўчаларнинг қайси қисмида кўчатлар йўқлиги ҳақида рўйхат шакллантириб боради.
“Қаерда кўчат йўқ бўлса, ўшанинг рўйхатини қиласизлар. Қанақа кўчат кераклигини ўша кўчатдан топтирилади. Мана икки ойдан кейин куз келади. Ноябрда экса бўлади. Палапартишга келган жойларни алмаштирамиз. Қаерда кустарник экиш керак бўлган бўлса, уни ҳам кўрасизлар” деб топшириқ берган Бобоев.
Самарқанд вилояти ҳокимлигининг қайд этишича, шаҳар кўчаларини олий таълим муассасаларига бириктириш ташаббуси кўкаламзорлаштириш ишларига янгича ёндашувни жорий этишга хизмат қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш қонун билан тақиқланади. Шунингдек, педагогларни ҳашар ишларига, ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига ёки бошқа мажбурий меҳнат турларига жалб қилиш мумкин эмас.
Қонунда педагогларни ўз вазифасига алоқадор бўлмаган ишларга мажбурий жалб этган, уларнинг дарс бериш жараёнига аралашган ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.
Live
Барчаси