Патриарх Кирилл, Захарова ва Россия олтини Канада санкциялари остида қолди

Олам

image

Канада ҳукумати Россия Федерациясининг 29 нафар жисмоний ва 15 нафар юридик шахсига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда бугун, 8 июль куни мамлакат Ташқи ишлар вазири тарқатган баёнотда келтирилган.

“Ташқи ишлар вазири Мелани Жоли бугун G20 Ташқи ишлар вазирларининг Балида бўлиб ўтган учрашуви чоғида Россиянинг Украинага ноқонуний ва асоссиз бостириб кириши муносабати билан қўшимча санкцияларни эълон қилди”, дейилади Канада ТИВ ҳужжатида.

Рўйхатга Москва ва Бутун Россия Патриархи Кирилл, Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова, Биринчи канал бошловчиси Екатерина Андреев ҳам киритилган.

Бундан ташқари, ТАСС, “Биринчи канал”, RT, Sputnik ва бошқа бир қатор нашрлар ҳамда “Россия-1” ва “Россия-24” телеканалларининг журналистлари ҳам санкциялар остида қолган. Юридик шахслардан рўйхатга “Россотрудничество” ва “Роскомнадзор” ҳам қўшилган.

Шунингдек, Канада Россия Федерациясидан олтин ҳамда ундан бир қатор маҳсулотларни олиб киришга тақиқ жорий қилган.

Аввалроқ, Канада ҳукумати Россиянинг нефть, газ, кимё саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан янги чекловчи чораларни жорий қилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ўшанда ҳаммаси бўлиб 28 турдаги хизматлар ва еттита соҳа Канада чекловлари остида қолганди, жумладан:

•  кўмир ва қўнғир кўмир қазиб олиш;
•  хом нефть ва табиий газ қазиб олиш;
•  металл рудаларини қазиб олиш;
•  кончиликнинг бошқа фаолияти;
•  тоғ-кон саноатининг ёрдамчи хизматлари фаолияти;
•  кокс ва қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
•  кимёвий моддалар ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг