Канада Россия иқтисодиётининг асосий 7 та тармоғига санкция киритди

Олам 4595
image

Канада ҳукумати Россиянинг нефть, газ, кимё саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан янги чекловчи чораларни жорий қилди. Бу ҳақда бугун, 8 июнь куни  Канада Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилган тегишли ҳужжатда айтилган.

Қайд этилишича, Канада фуқаролари ва компанияларига Россиянинг нефть, газ, кимё ва тоғ-кон саноати вакиллари билан бизнес юритиши, жумладан, кўмир ва металл рудаларини қазиб олиши тақиқланган.

Бундан ташқари, Оттава чеклов остида қолган Россия Федерациясининг нефть-газ ва кимё саноати билан боғлиқ 28 та фаолият рўйхатини эълон қилди. Хусусан, улар қурилиш ва турли транспорт турлари, компьютер, бухгалтерия, консалтинг, инжиниринг ва бошқа хизматларга тегишли.

Ҳаммаси бўлиб 28 турдаги хизматлар ва еттита соҳа Канада чекловлари остида қолди, жумладан:

•  кўмир ва қўнғир кўмир қазиб олиш;
•  хом нефть ва табиий газ қазиб олиш;
•  металл рудаларини қазиб олиш;
•  кончиликнинг бошқа фаолияти;
•  тоғ-кон саноатининг ёрдамчи хизматлари фаолияти;
•  кокс ва қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
•  кимёвий моддалар ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш.

Маълумот учун, Оттава февраль ойи охиридан бери Украинадаги вазият туфайли Россия Федерациясига нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилмоқда. Канада охирги марта иқтисодий чекловларни 31 май куни киритган. Ўшанда рўйхатга Россия Федерациясидан тўртта компания ва 22 нафар жисмоний шахс киритилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 9
Рейтинг: 3.1
t
×